Эҳтиёткорлик — хавфсизлик гарови
Бугунги кунда транспорт воситалари ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб улгурди. Кимдир шахсий автомобилидан мунтазам фойдаланса, яна кимдир такси хизматларидан фойдаланишни афзал кўради. Бироқ таъкидлаш жоизки, ҳар иккисида ҳам хавфсизликка риоя қилиш талаб этилади.
Кундалик турмушда ҳар биримиз бир вилоятдан иккинчи вилоятга бориб келишимизга тўғри келади. Айни жараёнда юқорида таъкидлаган хавфсизлик масаласи юзага чиқади.
Бунда ҳайдовчи ва йўловчиларга бирмунча тавсиялар мавжуд.
Тунда йўлга чиқмаслик, тез ҳайдамаслик ва бунга ундамаслик, ҳаво ҳарорати кескин пасайганда сафар қилмаслик, айниқса, туманли ҳаво хавфи мавжуд бўлса, ҳаракатланишни тўхтатиш.
Бу каби яна бир қанча ҳолатлар борки, инсон ҳаёти учун хавфли. Кўза кунда эмас, кунида синади, деганларидек олдимиздан келадиган хавфни ҳеч биримиз билмаймиз. Аммо эҳтиёткорлик фойдадан холи эмас.
—Уч йилдан бери Самарқанд — Тошкент йўналишида ҳайдовчилик қиламан. Шундай ҳолатлар бўлганки, бутун ҳаётим бир лаҳза кўз ўнгимдан ўтган, — дейди Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида яшовчи Умарбек исмли ҳайдовчи. — Шу йилнинг 22 ноябрь куни атрофни жуда кучли туман қоплади. Кўриш ва ҳаракатланиш имкони деярли йўқ. Ўшанда 30 га яқин машина бир-бирининг ортидан бориб урилган. Яхшиямки, ҳеч кимга зиён етмаган. Ҳурматли йўловчилар, ўзингиз ва яқинларингиз тақдирига бефарқ бўлманг. Зеро, бугуннинг эҳтиёти эртанинг хавфидан асрайди.
Дарҳақиқат, табиб табиб эмас, бошидан ўтказган табиб деганларидек, ушбу ҳайдовчининг мазкур асосли фикрларига қўшилмасликнинг иложи йўқ. Негаки, тушунтириш тушунганларнинг вазифаси.
Шербек Исломов, ЎзА