Ўзбекистон делегацияси XIX жаҳон сув конгрессида иштирок этмоқда

Марокашнинг Марракеш шаҳрида Халқаро сув ресурслари ассоциациясининг XIX жаҳон сув конгресси ўз ишини давом эттирмоқда. 1 декабрдан 5 декабргача “Ўзгараётган дунё шароитида сув: инновация ва мослашув” мавзусида ташкил этилган ушбу нуфузли анжуман глобал сув тизимларини мустаҳкамлаш ва барқарор келажакни таъминлашга қаратилган инновацион ечимларни муҳокама қилишга бағишланган.
Конгресс энг йирик илмий-амалий тадбирлардан бири бўлиб, унда 100 дан ортиқ мамлакатлардан халқаро экспертлар, олимлар, халқаро ташкилотлар ва сув таъминоти ҳамда ирригация соҳаси мутахассислари иштирок этмоқда. Шу боис, тадбирда илғор тажрибаларни ўрганиш, амалий лойиҳаларни таҳлил қилиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш имкониятлари кенг очилган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг сув таъминоти тизимини ислоҳ қилиш бўйича ўринбосари Тимур Бутунбоев бошчилигидаги делегация конгрессда фаол қатнашмоқда. Делегация иштирокчилари миллий тажриба асосида инновацион ёндашувларни тақдим этиш билан бирга, сув хавфсизлиги, барқарор ривожланиш, иқлим ўзгариши ва унинг сув ресурсларига таъсири, ирригация ва қишлоқ хўжалиги сув таъминоти, шаҳар ва қишлоқ сув тизимларини ривожлантириш каби муҳим масалаларни муҳокама қилмоқда. Шунингдек, инновацион технологияларни жорий этиш, сув дипломатияси ва трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш масалалари ҳам конгресс кун тартибидан муҳим ўрин эгаллаган.

Конгресс доирасида Ўзбекистон делегацияси бир қатор икки томонлама учрашувлар ўтказди. Жумладан, Т. Бутунбоев ва Марокашнинг таъминот ва сув вазири Низар Барака ўртасида бўлиб ўтган мулоқотда сув таъминоти ва сув хўжалиги соҳасидаги келгусидаги ҳамкорлик йўналишлари белгилаб олинди. Томонлар қўшма ташаббусларни амалга ошириш, тажриба алмашишни кенгайтириш ва икки давлат ўртасидаги ўзаро алоқаларни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилди. Учрашув якунида Т. Бутунбоев Марокаш вазирига уч тилда нашр этилган Ўзбекистон Республикаси Сув кодексини тақдим этди. Бу сув бошқаруви соҳасида ҳуқуқий тажриба алмашувини янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, конгресс доирасида ўтказилган халқаро кўргазмада Ўзбекистон делегацияси фаол иштирок этди. Кўргазмада Марокашнинг сув ресурсларини бошқариш бўйича амалий ишлари, замонавий технологиялар ва инновацион маҳсулотлар тақдим этилди. Бу делегацияга халқаро миқёсда қўлланилаётган самарали ечимларни кўриш, уларни ўз тажрибаси билан солиштириш ва халқаро мутахассислар билан фикр алмашиш имконини берди.

Мазкур тадбирда Ўзбекистон делегациясининг иштирок этиши мамлакатнинг сув ресурсларини барқарор бошқариш, инновацион ёндашувларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича илғор ташаббусларни кенг жамоатчиликка етказишга хизмат қилмоқда. Конгресс якунида кутилган натижалар Ўзбекистоннинг глобал сув сиёсати ва барқарор ривожланиш стратегиясини янада мустаҳкамлашга ёрдам беради.
Нилуфар Бозорова, ЎзА