Махсус комиссия топшириғига кўра, экологлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ҳар кеча рейдлар ўтказиб, экологияга оид қонунчиликни бузаётганларни аниқламоқда

Ҳаммамизни ташвишга солаётган муаммони чуқурроқ ўрганиш мақсадида бугун мен ҳам уларга ҳамроҳлик қилдим. Биз Қибрай туманидаги иссиқхоналардан бирига бордик. Маълум бўлишича, бу иссиқхонада кунига 150 килограммга яқин кўмир ёқилади экан. Табиийки, бу атроф-муҳитга жиддий зарар етказади.
Тадбиркорлар ўзларининг ҳар бир ҳаракати учун масъулиятни ўз зиммаларига олишлари шарт. Экологияга етказилаётган зарарни моддий манфаат, мўмай даромад билан оқлаб бўлмайди. Бундай ишлаб чиқаришнинг иқтисодий фойдаси катта бўлиши мумкин, лекин аҳоли соғлиғига зарари ундан ҳам кўпроқ тегади.

Шу билан бирга, тадбиркорлар ўз фаолиятини қонуний ва хавфсиз юритишлари учун ёрдам кўрсатиш зарур. Экология қўмитасига бир кун ичида ушбу иссиқхонага замонавий фильтр ўрнатиш, шунингдек, тадбиркорлар учун семинар-тренинг ва филтрлар савдо-кўргазмасини ташкил этиш вазифаси топширилди.