Қусханатовда сервис компанияси иш бошлади

52

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 25 июндаги «Маҳаллаларни ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ва қиёфасини тубдан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-234-сонли қарорига асосан Маҳалла сервис компаниялари фаолиятини йўлга қўйиш белгиланган.

Мазкур қарор талабларининг Бўзатов туманида ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилда Қусханатов овул фуқаролар йиғини ҳудудида «Маҳалла сервис компанияси» биносини янгидан қуриш режалаштирилиб, бинонинг қурилиш ишлари бошланган эди. Қўли гул қурувчиларнинг олиб борган ишлари натижасида, яқинда бу ерда қурилиш ишлари тўлиқ якунланиб, у халқ фаровонлиги учун фойдаланишга топширилди.

Янги бинонинг очилиш маросимида туман раҳбарлари, депутатлар, ҳудуд фаоллари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Тадбирда туман ҳокими Б.Уббиниязов, Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи С.Турмановлар сўзга чиқиб, ҳудуд аҳолиси ва тадбир иштирокчиларини янги бинонинг очилиши билан самимий табриклади.

Шундан сўнг бино олдига тортилган тасмалар кесилиб, тадбир иштирокчилари сервис компаниясининг ички имкониятлари ва унда яратилган қулайликлар билан яқиндан танишди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчи