Энг олий мақсад – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш

Янгиланган Конституциямизда «Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш – давлатнинг олий мақсадидир» деган норма белгиланди.
Ушбу мақсадга эришиш учун инсон қадр-қиммати ва саломатлиги дахлсизлиги, давлат органлари томонидан ҳуқуқий таъсир чораларининг мувофиқлик принципига асосланиши ва қонунларда назарда тутилган мақсадларга эришиш учун етарли бўлиши лозимлиги белгиланди. Айбсизлик презумпцияси янада кучайтирилди. Хусусан, Конституциямизнинг 28-моддасида шахснинг иши судда кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор деб топилган бўлса, келгусида суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунча у айбсиз ҳисобланиши мустаҳкамланди.
Конституцияда инсоннинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари кафолати халқаро стандартларга мувофиқ мустаҳкамланди. Хусусан, 27-моддага кўра шахсни суд қарорисиз 48 соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмаслиги, бу муддат ушлаб туришнинг қонунийлиги ва асослилиги судда тасдиқланмаса, шахс зудлик билан озод қилиниши («Хабеас корпус» институти) ҳамда шахсни ушлаб туриш каби унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиш асослари унга тушунарли тилда тушунтирилиши кераклиги («Миранда қоидалари») белгиланди. Шу билан бирга, айбланувчи ва судланувчиларга ўзига қарши кўрсатма бермаслик, яъни «сукут сақлаш» ҳуқуқи белгиланмоқда. Бу қоидалар шахсий эркинлик дахлсизлигини ва одамларни қонунга хилоф равишда қамоққа олишга йўл қўймасликни кафолатлайди.
Илк бор ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар, почта, электрон хабарлар ва бошқа хабарларни сир сақлаш ҳуқуқи фақат суднинг қарорига асосан чекланиши мумкинлиги белгиланди. Шахснинг қариндошлари судланганлиги сабабли, унинг ҳуқуқлари чекланиши мумкин эмаслиги қатъий белгиланиши билан одамларнинг ўз яқинлари йўл қўйган хатолар учун жавобгар бўлмаслиги таъминланди.
Янгиланган Бош Қомусимиз жамиятимизда инсон қадрини юксалтириш, халқимиз учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадини кўзлайди. Хусусан, янгиланган Конституциямизда таълим олиш ҳуқуқи кафолатланиши билан бир қаторда, давлат ва нодавлат таълим ташкилотлари ривожланиши тенг қўллаб-қувватланиши илк бор расмий асосда мустаҳкамланмоқда. Шу билан бирга, инклюзив таълим-тарбия атамасининг Конституцияда акс этиши эътиборга молик. Энг асосий ўзгариш ўқитувчиларнинг мақоми билан боғлиқ. Жумладан, 52-моддада илгари бўлмаган янги норма киритиляпти. Унга кўра, ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, баркамол авлодни шакллантириш ва тарбиялаш, аҳолининг маънавий-маданий салоҳиятини сақлаш ва бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади. Давлат ўқитувчиларнинг шаънини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ва моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади. Ҳеч шубҳасиз, ушбу нормаларнинг Конституцияга киритилиши замонавий педагогикада янги даврни бошлаб берди.
Мухтасар айтганда, «Инсон – жамият – давлат» деган ёндашув Конституциямиз мазмунига чуқур сингдирилиб, янги Ўзбекистон ҳаётида инсон шаъни, қадр-қиммати ва ғурури барча соҳаларда биринчи ўринда туриши юксак даражада ўз аксини топмоқда.
Рашид Каукишев,
Жиноят ишлари бўйича Чимбой тумани судининг тергов судьяси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги