Чернобилда янги ҳаёт шакли топилди
Чернобилда вайрон бўлган энергия блоки деворларида радиация билан озиқланадиган қора қўзиқорин топилди, деб хабар бермоқда “Science Alert” илмий журнали.
Бу қўзиқорин “Cladosporium sphaerospermum” деб аталади ва баъзи олимларнинг фикрича, унинг қоронғу пигменти – меланин ўсимликлар фотосинтез учун ёруғликка таянадиган тарзда ионлаштирувчи нурланишдан фойдаланишга имкон беради, дейилади мақолада.

Нашр маълумотларига кўра, олимлар тўғридан-тўғри нурланиш даражаси ўта юқори бўлган ҳудудлардан намуналар йиғишган. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, радиация таъсирида қўзиқорин нафақат тирик қолган, балки тезроқ ўсган.
Тирик табиатнинг одатий реакциясига мос келмайдиган бу ҳолат ҳаётнинг бошқа шакллари учун ҳалокатли шароитларда омон қолишни ифодаламоқда.

Ушбу жараёнга радиосинтез номи берилган, аммо унинг таъсир қилиш механизмлари номаълумлигича қолмоқда.
Октябрь ойида “Daily Mail” нашри Американинг “Dogs of Chernobly” нотижорат ташкилотига таяниб, ҳудудда ноодатий кўк рангдаги итлар топилгани ҳақида хабар берган эди.
Г.Сатторова, ЎзА