Туркий халқлар ва миллий фольклоримиз намуналари

Машҳур адабий танқидчи, публицист В.Г.Белинский шундай ёзади: – Ҳар бир халқнинг ўзига хослиги фақат ўзига хос фикрлаш тарзи ва атроф-муҳитдаги нарсаларга муносабати, дини, тили ва айниқса урф-одат ва анъаналарида акс этади. Мазкур сифатларни ўзида мужассам этувчи эса бу – халқ ижодиёти, маълум халққа оид фольклор намуналаридир.
Жорий йилнинг 27 ноябрь санасида Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Маданият вазирлиги ҳамда Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ҳамкорлигида “Фольклор намуналарини қиёсий ўрганиш масалалари” мавзусида ташкил этилган халқаро илмий-амалий анжуман бу борадаги масалаларнинг туркий мамлакатлар миқёси бўйича илмий ўрганилишида муҳим аҳамият касб этди.

Халқаро анжуманнинг очилиш маросимида Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори, профессор Н.Сайфуллаев ушбу анжуманнинг аҳамиятига тўхталар экан, Президентимизнинг “замонавий рақамли технологиялар Ўзбекистоннинг бой маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва халқимиз ҳамда дунёга етказишнинг энг муҳим воситасига айланиши керак” деган сўзларини, шунингдек, 2024 йилда ЮНЕСКО ишлари бойича Миллий комиссия йиғилишидаги “Арзон рақамли платформалар, электрон каталоглар, виртуал кўргазмалар ва таълим ресурсларини яратиш – бу ёшларнинг маданиятни чуқурроқ ўзлаштиришига, жаҳон ҳамжамияти эса халқимизнинг бетакрор тарихини кашф етишига йўл очади” деб таъкидлаган фикрларини келтириб ўтди.
Таъкидланганидек, халқимизнинг бетакрор маданий-мероси ва фольклор намуналарини қиёсий ўрганиш бугунги халқаро анжуманнинг асосий вазифаси ҳисобланади.
Маълумки, ўзбек ва қорақалпоқ фольклор намуналари ранг-баранг бўлиб, уларнинг айрим намуналари қўшни халқ фольклорида ҳам учрайди. Масалан, Мухтор Авезов номидаги Жанубий Қозоғистон университети профессори С.Тлеубаевнинг илмий ишида рақс санъати бутун туркий давлатлар фольклори ва ўзбек-қозоқ фольклор намуналари мисолида илмий жиҳатдан қиёсий ўрганилган.
Умуман, кўпчилик рақсшунос мутахассисларнинг тадқиқотларида “ўзбек рақсларини ўрганиш ХХ асрнинг 30-йилларидан бошланди”, деган фикр илгари сурилган. Шу ўринда “Баёт”, “Наманганнинг олмаси”, “Отмагай тонг”, “Тановар”, “Муножот”, “Роҳат”, “Кўнгил таронаси” ва “Андижон полькаси” каби ўзбек мусиқа ва рақс санъатининг меросига айланган рақсларни таъкидлаб ўтиш жоиздир.
Б.Тлеубаева ўз илмий ишида қозоқ фольклор намуналарини туркий мамлакатлар ва жаҳон фольклор анъаналарини қиёсий ўрганиб, уларнинг ўзаро боғлиқлиги ва ўхшашлигини таҳлил қилгани ниҳоятда ўринлидир.
Негаки, ўзбек-қорақалпоқ ва қозоқ фольклори намуналаридаги аксарият анъаналар маълум даражада бир-бирига яқин. Масалан, ушбу халқларнинг тўй-маросимлари ва ундаги кўнгилочар томошалар, шунингдек халқ анъаналаридаги урф-одатларнинг шаклан фарқ қилгани билан умумий мақсадининг якдиллигини кўришимиз мумкин.
Қозон давлат Маданият институти профессори А.Еникееванинг “Едигедан Гўрўғлига: Татар ва ўзбек достонларида қаҳрамонларнинг яратилиши” маърузаси ҳам ўзбек ва қорақалпоқ фольклоридаги қаҳрамонлик достонларига ҳамоҳанг. Маълум бўладики, Едиге, Гўрўғли ва Алпомиш каби достонларнинг вариантлари қардош туркий халқлар фольклорида мавжуд.
Анжуманда хорижий давлатларнинг яна бир нечта олимларининг илмий мақолалари таҳлили ҳам шу масалаларга қаратилган бўлиб, улардаги барча масалалар фольклор намуналарини ҳар тарафлама қиёсий ўрганишга қаратилган. Шунингдек, анжуман давомида маҳаллий олимлар томонидан мавзу бўйича таҳлил қилинган қатор салмоқли илмий мақолалар эълон қилинди.
Умуман олганда, бугунгидек глобаллашув даврида фольклор намуналарини маҳаллий ва халқаро миқёсда ўрганиш, уларни келажак авлодларга замонавий технологиялардан самарали фойдаланган ҳолда сингдириш энг долзарб вазифаларнинг биридир.
Қуўанишбай Юсупов,
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали директори вазифасини вақтинча бажарувчи
ЎзА