Ёш футболчиларимиз учинчи ўринни эгаллади

Тошкент шаҳрида футбол бўйича 16 ёшгача бўлган ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон Футбол Ассоциациясининг чемпионати бўлиб ўтди.
Мусобақада юртимизнинг барча ҳудудларидан энг кучли жамоалар иштирок этиб, ғолиблик учун ўзаро баҳслашди. Айниқса, бунда республикамизнинг ёш футболчилари ўз маҳоратларини кўрсатиб, учинчи ўринни қўлга киритишга муваффақ бўлди.
Хусусан, дастлабки турда Тошкент вилояти футбол академияси тарбияланувчиларига ютқазиб қўйган жамоамиз, иккинчи ва учинчи турда Фарғонанинг «Нефтчи» ҳәм Жиззах футбол академияси ёшларини енгишга муваффақ бўлди.
Чорак финалда Наманган вилояти ёшларини 1:0 ҳисобида мағлуб этган футболчиларимиз ярим финалда Одил Аҳмедовнинг «Адил Жуниор» клубига 1:3 ҳисобида ютқазиб қўйди.
Бронза медали учун «Бунёдкор» клуби билан ўтган учрашувда жамоамиз аъзолари ўз маҳоратларини намойиш этиб, ўз рақибларини 1:0 ҳисобида мағлуб этишга муваффақ бўлди.
Энг қувонарлиси, турнирда жамоамизнинг ғалабасига ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган жамоа дарвозабони Хўжабек Матмуратов чемпионатнинг «Энг яхши дарвозабони» номинацияси билан тақдирланди.

Биринчилик якунида ғолиблар ташкилотчилар томонидан махсус диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Республикамиз футбол жамоасини ушбу мусобақага мураббийлардан Бердибек Шеримбетов, Айдос Мирзамуратов ва Тимур Турдиевлар тайёрлади.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчи