Тилга эътибор – элга эътибор: байрам тадбири бўлиб ўтди

70

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида 1 декабрь – Қорақалпоқ тили байрами куни ва қорақалпоқ тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 36 йиллигига бағишланган байрам кечаси бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар илмий-тадқиқот институти профессори П.Нажимов, профессорлар Қ.Қошанов, Г.Қурбаниязов ва бошқалар қорақалпоқ тилига давлат тили мақомининг берилиш тарихи, туркий тиллар тизимида қорақалпоқ тилининг давлат тили сифатидаги ўрни ва бугунги кунда учраётган муаммолар, уларни ҳал қилиш учун олдинда турган вазифалар, интернет тармоқларида қорақалпоқ тилини ривожлантириш масалалари бўйича маъруза қилди.

Таъкидлаб ўтилганидек, ҳозирги вақтда дунёда олти мингдан зиёд тиллар мавжуд бўлса да, уларнинг атиги 170 дан ортиғи ўз давлат тили мақомига эга. Улар орасида қорақалпоқ тилининг ҳам борлиги катта қувонч ва ифтихордир. Қорақалпоқ тилига давлат тили мақомининг берилиши халқимизнинг ўзлигини англаши, мустақил ҳаёт кечириши ва аждодлардан мерос бўлиб келаётган миллий тилимизни асраб-авайлаб, келажак авлодларга етказиб беришдек олийжаноб ишда ташланган муҳим, тарихий қадам бўлди.

Қорақалпоқ тилининг миллий хусусиятларини сақлаб қолган ҳолда ривожлантириш, илмий-тадқиқот ишларини янги босқичга кўтариш, жаҳон тиллари қаторидаги обрў-эътиборини ошириш, келажак авлодларга етказиб беришдек ишларда сезиларли натижаларга эришилди. Шулардан бири сифатида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг қўллаб-қувватлаши билан «Қорақалпоқ тилининг изоҳли луғатининг VII жилди» нашр этилганлигини такидлаш жоиз.

Тадбир доирасида институтда байрам муносабати билан бир қатор маданий-маърифий тадбирларни ташкил этишда фаол иштирок этган профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшларга фахрий ёрлиқлар ва байрам совғалари топширилди.

Байрам кечаси институтнинг «Тўмарис» халқ ансамбли аъзолари, шунигдек, филология факультетининг иқтидорли талабалари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги