Қишни беталафот ўтказиш доимий эътибор талаб қилади

46

Ўзбекистонда ёқилғи-энергетика соҳасини тубдан ислоҳ қилиш борасидаги давлат сиёсатининг асосий тамойилларидан бири аҳоли эҳтиёжларини энг юқори даражада қондириш ва уларнинг ҳаёт сифатини оширишдир.

Шу маънода, Қорақалпоғистон Республикасида олиб борилаётган ишлар мамлакат миқёсидаги ислоҳотлар билан ҳамоҳанг равишда кечмоқда. Бу эса маҳаллий ҳокимият органлари ва жамоатчиликнинг ўзаро ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари самараси сифатида баҳоланмоқда.

Юртимиздаги барча соҳалар каби ушбу тизим тармоқларида барча носозликларни аниқлаш ва бартараф этиш, олдинда турган мавсумни беташвиш ўтказиш, аҳолига бу борада қулайлик яратишга қаратилган чора-тадбирлар узвий амалга оширилмоқда.

Бунда Вазирлар Маҳкамасининг 21.07.2025 йилдаги «Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий ва энергетика соҳаси объектлари ҳамда кўп квартирали уй-жой фондини 2025 – 2026 йиллар қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 453-сонли Қарори муҳим ҳуқуқий асос бўлмоқда. Таъкидлаш жоизки, мазкур қарор ижросини таъминлаш юзасидан назорат механизми йўлга қўйилиб, республикамиз ҳудудидаги коммунал ва ижтимоий объектларнинг ҳамда уй-жойларнинг 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумини беталафот ўтказилишини таъминлаш бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида Штаб ташкил қилинган.

Мазкур штабда ижтимоий соҳа объектларини энергия ресурслари ва ичимлик суви билан узлуксиз таъминлаш, бу борадаги муаммоли вазиятларни тезкорлик билан бартараф қилиш мақсадида “1055” қисқа рақами ташкил қилиниб, мурожаат ва таклифлар туну-кун қабул қилинмоқда. Шу кунга қадар ушбу ишонч телефонига 249 мурожаат келиб тушган бўлиб, шундан 242 мурожаат ўз ечимини топган, қолган 7 мурожаат бугунги кунда жараёнда.

Совуқ кунлар яқинлашгани сари жойларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари жадаллашади. Вақт ғанимат, коммунал тизим тармоқларида барча носозликларни аниқлаш ва бартараф этиш олдинда турган мавсумни беташвиш ўтказишга хизмат қилади. Шу мақсадда республикада жорий йилнинг ўтган даврида 255 та кўп қаватли уйлар ҳамда 2 та қозонлари ва 0,7 километр иссиқлик тармоқлари мукаммал ва жорий таъмирланиб, режа 100 фоизга бажарилди. Мамлакат бўйлаб умумий узунлиги 2 минг 400 километрдан ортиқ бўлган электр узатиш тармоқлари ва 730 та трансформатор пункти мукаммал ҳамда 4 минг 500 километрга яқин электр узатиш тармоқлари ва 1 минг 587 та трансформатор пункти жорий таъмирланди. Табиий газ таъминотида республикадаги 8,5 км газ тармоқлари ва 25 дона газ тақсимлаш пунктлари мукаммал таъмирланди ҳамда 61,3 км газ тармоқлари реконструкция қилинди натижада 34,1 минг аҳолининг газ таъминоти яхшиланди. Ичимлик суви таъминотида 45,2 км ичимлик сув тармоқларини ва 95 та насос ускуналарини мукаммал ва жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди. 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсуми учун 125 тоннага яқин ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларининг кўмир захираси шакллантирилиб, 17-сентябрдан бошлаб етказиб берила бошланди.

Юртимизнинг ҳар бир ҳудудида кузги ва қишки мавсумга тайёргарлик кўриш борасидаги амалий ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, Ижтимоий соҳа объектларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 7 майдаги қарорига асосан, 2025-2026 йилларда ностандарт, иссиқлик энергияси йўқотишлари мавжуд ва табиий газ истеъмоли юқори бўлган 670 та ижтимоий объектдаги 803 та иситиш қозонлари ҳамда 4  минг 961 та газ горелкаларини алмаштириш ва автоматлаштирилган қурилмалар ўрнатиш белгиланган. Шундан 792 та иситиш қозони ва 2 минг 77 та газ гарелкаси алмаштирилди ва автоматлаштирилди. 9,7 миллиард сўм маблағ эвазига 467 та мактабгача таълим ташкилотларига 889 дона гелиоколлекторлар ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Шунингдек, мазкур қарорда Қўнғирот ва Чимбой туманларидаги 8 та ижтимоий ва давлат ташкилотларида 47 млрд 970 млн сўм маблағ эвазига капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишларини олиб бориш белгиланган. Бугунги кунда мазкур объектларнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, Австрия ҳукумати гранти ҳисобидан «ILF Konsalting Injineers» халқаро компаниясига кўриб чиқиш учун тақдим этилган.

Вазирлар Кенгаши томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ижтимоий соҳа объектларнинг ва кўп қаватли уй-жойлар иситиш қозонлари ва биноларнинг том қисмида ҳам куз-қиш мавсумига ҳозирлик кўриш бўйича амалий ишлар қизғин давом этмоқда. Ушбу йуналишдаги дастурларга биноан 18 миллиард 839,4 миллион сўм маблағ ҳисобидан ўтган йилгидан ҳам кўпроқ ҳажмдаги ишлар, режалар амалга оширилиши белгиланган. Бугунгача 673 та иситиш қозонлари ўрнатилди, 22 та мактаб ва мактабгача таълим ташкилотлари биноларининг том қисми таъмирланди, 213 та кўп қаватли уй-жойларни таъмирлаш ишлари якунланди. Шунингдек, “Кўк ўзек” МФЙ ҳудудидаги 25 та кўп қаватли уй-жойни ва 2 та ижтимоий соҳа объектини марказлашган иссиқлик энергияси билан таъминлаш мақсадида 3 та янги қозон ўрнатиш ва 3,5 километр узунликдаги иссиқлик тармоқларини тортиш ишлари олиб борилди.

Ҳудудларда 67 та трансформатор, деярли 68 тонна трансформатор мойи, 9,8 километр кабель, 4,7 тонна сим, 546 та таянч устун, 265 та эҳтиёт қисм ва муфталар  захираси яратилди. Табийий газ бўйича 535 метр турли диаметрдаги газ қувурлари, 20 дона задвижка, 49 дона жўмрак, 32 дона монометр, 403 килограмм карбид, 70 килограмм электрод ва бошқа захиралар, шунингдек, ичимлик суви бўйича 160 килограмм трансформатор мойлари, 100 метр кабель,
21 дона қудуқнинг темир бетон қопқоғи, 34 дона муфта ва бошқа захиралар жамланган.

Барча ҳудуд ва тармоқларда энергия тежамкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Хусусан, 127 та реактив компенсатор қурилмаси ўрнатилиб, 20 минг 438 та хонадонда икки босқичли газ тизимига ўтказиш, 28 мингдан ортиқ тежамкор газ ускуналарини ўрнатиш ва бошқа ташкилий-техник тадбирлар амалга оширилди. Шунингдек, кўрилган чоралар натижасида 64,6 МВт қуёш панели ва 66,7 минг литр гелиоколлектор ўрнатилди ва 98,6 миллион куб метр газ ва 95,97 миллион кВт соат электр энергияси иқтисод қилинди.

Нукус шаҳар ва туманлардаги 24 та маҳаллада жами 9 минг 530 кВт қувватга эга қуёш фотоэлектр станцияларини (ФЭС) қуриш белгиланди. Мазкур ФЭСларни қуриш учун зарур бўлган 12,6 гектар ер майдонлари Энергетика вазирлигига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилди.

Ушбу ишлар амалга оширилиши натижасида маҳаллаларда яшовчи жами 37 минг 552 та хонадон шундан, 7 минг 303 та камбағал оилалар аъзолари улушдор сифатида жалб қилиниб, қуёш фотоэлектр станцияларига хизмат кўрсатиш учун ўқитилади ва ишга қабул қилинади.

Аҳолини сифатли электр энергияси ва табийий газ билан таъминлаш ҳар бир маҳаллада, ҳар бир туман-шаҳарларимиз бўйлаб йил охиригача давом этади. Аммо етказиб берилаётган электр ва газдан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларига риоя қилиш ҳозирги кунда энг долзарб вазифа бўлиб қолмоқда. Ачинарлиси, фуқароларимизнинг қўлбола усулда тайёрланган ёки техник талабларга жавоб бермайдиган мосламалардан фойдаланлиги натижасида 2 та ҳолатда 5 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб вафот этишди.

Бунинг сабаблари ўрганилганда улар уйларида газдан фойдаланишда бепарво муносабатда бўлиб ва техник шартларга тўлиқ риоя қилмаганликлари натижасида ушбу нохуш ҳолатлар келиб чиққан. Республикамизда шу каби фожиаларнинг олдини олиш мақсадида тегишли ташкилотлар билан биргаликда, аҳоли хонадонларнинг иситиш қозонларининг дудбўронларини алмаштириш ишларини ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

7 минг 714 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларнинг хонадонларидаги ва аҳоли хонадонларининг 15 минг 428 та дудбўронларини алмаштириш, туманларда ташкил қилинган 90 та отрядлар томонидан 128 минг 861 дудбўронларини тозалаш ишлари олиб борилди.

Умуман, мавсум давомида истеъмолчиларни энергия, газ ресурслари билан барқарор таъминлаш, куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш мақсадида барча имкониятлар сафарбар этилмоқда.

М.ПИРНАЗАРОВА,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси