Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази халқаро “Prix Avicenne 2025” мукофотига сазовор бўлди

49

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Европанинг нуфузли мукофотларидан бири – “Prix Avicenne 2025” (Авиценна мукофоти)га сазовор бўлди, деб хабар бермоқда ушбу марказнинг ахборот хизмати.

Тантанали маросим Париждаги Франция Миллий тиббиёт академияси биносида бўлиб ўтди. Унда етакчи олимлар, тиб тарихчилари, шарқшунослар, ислом мероси бўйича мутахассислар ва Европа маданий муассасалари вакиллари иштирок этди. Расмий йиғилиш давомида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига буюк Авиценна ёдгорлик ҳайкалчаси ва мукофот дипломи топширилиши эълон қилинди.

Француз илмий жамоаси алоҳида таъкидлаганидек, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган марказ фаолияти — инсон тарихидаги буюк олимлардан бири Ибн Синонинг меросини ўрганишда замонавий ёндашувнинг намунавий мисоли бўлди. Академия вакиллари Ўзбекистон бугун нафақат ўзининг маданий-илмий ўтмишига ғамхўрлик қилаётганини, балки жаҳон гуманитар фанларига ҳам салмоқли ҳисса қўшиб, янги кенг кўламли лойиҳаларни, тадқиқот стандартларини, реставрация, каталоглаш ва ислом интеллектуал меросини тарғиб этишни илгари сураётганини қайд этишди.

Француз олимлари фикрича, марказда яратилган экспозиция Авиценна меросини ўрганиш ва тадқиқ қилишни янги босқичга олиб чиқиб, Ўзбекистонни ушбу соҳада етакчи майдонга айлантирмоқда.

– Ушбу мукофот ҳурматли Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кенг қамровли фаолиятига халқаро эътирофнинг яна бир ёрқин тасдиғи бўлиб хизмат қилади, -дедиИслом цивилизацияси маркази директори, Ўзбекистон маданий меросини сақлаш, ўрганиш ва тарғиб қилиш бўйича Жаҳон жамияти раиси Фирдавс Абдухаликов ўз нутқида. – “Prix Avicenne” — бу марказнинг илмий ва таълимий мазмунини шакллантираётган юзлаб миллий ва хорижий олимлар, тадқиқотчилар, таржимонлар ва экспертларнинг меҳнатига юқори ҳурмат ва муносиб баҳо. Биз бундан кейин ҳам халқаро тадқиқотларни кенгайтиришни, илмий алоқаларни мустаҳкамлашни ва Авиценна ҳамда юртимизнинг барча буюк мутафаккирларининг меросига бағишланган ишларни давом эттирамиз.

Маълумот ўрнида: Франциянинг етакчи илмий ташкилотлари томонидан таъсис этилган “Prix Avicenne” мукофоти гуманитар ва табиий фанларда эришилган муҳим ютуқлар ҳамда тарихий ва илмий меросни сақлаш ва тарғиб этишга қўшилган ҳисса учун берилади.

Ў.Алимов, ЎзА