Янги йилда асосий солиқлар миқдори ўзгаришсиз қолади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги “Адолат” СДП фракциясининг йиғилишида дастлаб “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонининг мазмун-моҳияти муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, партия дастурида судларни инсон ҳуқуқларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш устувор вазифа сифатида ўрин олган. Ушбу ҳужжат партия ғоя ва мақсадларига ҳамоҳанг бўлиб, у суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми экани айтиб ўтилди.
Шундан сўнг депутатлар “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди. Мазкур масала юзасидан иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Раҳимова батафсил маълумот берди.
Эътироф этилганидек, жаҳон иқтисодиётидаги кескин ўзгаришларга қарамай, Ўзбекистон иқтисодиёти барқарор ўсишда давом этмоқда. 2024 йилда мамлакат иқтисодиёти 6,5 фоизга ўсиб, 115 миллиард АҚШ долларига етган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткичлар 7 фоизга ва қарийб 136 миллиард АҚШ долларига етиши кутиляпти. Бу кўрсаткични 2026 йилда 6,6 фоизга, 2027-2028 йилларда эса мос равишда 6,8-6,9 фоизга етказиш мақсад қилинган.
Келгуси йилда асосий солиқлар миқдори ўзгаришсиз қолиши қайд этилди. Жумладан, ҚҚС 12 фоиз, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи 12 фоиз миқдорда қолмоқда.
Муҳокамаларда депутатлар ижтимоий соҳага йўналтирилаётган маблағлар ҳамда бошқа аҳоли турмуш фаровонлигини оширишга қаратилган мақсад ва вазифаларга эътибор қаратди. Давлат бюджети харажатларининг 25,5 фоизи миқдоридаги маблағлар таълим ва фан соҳаси, 12,1 фоизи соғлиқни сақлаш ҳамда 4,2 фоизи аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш харажатлари учун ажратилиши ўз ифодасини топяпти.
Мунозаралар давомида фракция аъзолари келгуси йилда “Спинал мушак атрофияси” ташхиси қўйилган бемор болаларга тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш ва дори воситаларини бепул етказиб бериш, одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш бўйича қўшимча чора-тадбирларни молиялаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА