Келгуси йилда ижтимоий соҳаларга 220 триллион сўм ажратиш режалаштирилмоқда

Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилишида 2026 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси муҳокама қилинар экан, депутатлар асосий эътиборни маблағларнинг ижтимоий йўналтирилганлик ҳолатига қаратди.
Қайд этилганидек, келгуси йилда ижтимоий соҳаларга 220 триллион сўм ажратиш режалаштирилган бўлиб, бу жами харажатларнинг 54,7 фоизини ташкил этади. Ушбу маблағнинг 100,3 триллион сўмини таълимга ажратиш кўзланган ва бу жорий йилдагига нисбатан 8,1 триллион сўмга кўп. Бунда боғчалар харажати 20 фоизни, профессионал ва олий таълим харажатлари эса 16,7 фоизни ташкил этади.

– Давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқишда нафақат маблағлар ажратиш, балки ушбу маблағларни қандай сарфлаш механизмларини ҳам муҳокама қилдик, – дейди ХДП фракцияси аъзоси Фирдавс Шарипов. – Бюджет харажатларида ижтимоий соҳа учун ажратилган харажатларга алоҳида эътибор қаратдик. Қувонарлиси, таълим, тиббиёт, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишларига йўналтирилаётган бюджет маблағлари ҳажми йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Бу эса партиямиз электорати вакиллари манфаатлари учун хизмат қилади.
Шунингдек, йиғилишда 2026 йилдан бошлаб академик лицей ва техникумларни сақлаш, умумтаълим мактабларини қуриш, таъмирлаш ишларини молиялаштириш республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга ўтказилаётгани таъкидланди. Маҳаллий бюджетларда қолдирилаётган тушумлар ушбу харажатларга йўналтирилиши режалаштирилган.

Муҳтарама Комилова, ЎзА