Ўзбекистон 2026 йилда 5 миллиард долларгача ташқи қарз жалб қилиши кутилмоқда

69

ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида кўриб чиқилган “2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳаси қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Қонун лойиҳасига кўра, 2026 йилда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг юқори чегараси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз этиб белгиланмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг жами чекланган ҳажми 5 миллиард АҚШ доллари, шундан Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, тақчилликни молиялаштириш учун 2,5 миллиард ҳамда инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун 2,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида белгиланмоқда.

Бундан ташқари, давлат қарзи портфелини диверсификация қилиш ҳамда валюта хатарларини камайтириш мақсадида 2026 йил учун Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 30 триллион сўм миқдорида белгиланмоқда.

Давлат томонидан мажбуриятлар қабул қилиниши (сотиб олиниши ёки тўланиши) ва давлат томонидан тасдиқловчи хатлар берилиши талаб этиладиган давлат-хусусий шериклик принциплари асосида имзоланадиган барча янги лойиҳалар қийматининг чекланган миқдори эса 6,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида белгиланмоқда.

Солиқ сиёсатида амалдаги солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолиши айтиб ўтилди. Депутатлар бюджет лойиҳаси юзасидан ўз таклифлари ва фикрларини билдирди.

Шунингдек, йиғилишда Президентимизнинг бюрократияни камайтириш масалаларига бағишланган халқаро форум очилиш маросимидаги нутқи аҳамияти ҳақида ҳам сўз юритилди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА