Ҳуқуқий саводхонликни оширишга йўналтирилган учрашув
Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Хотин-қизларга нисбатан зўравонликни бартараф этиш халқаро куни муносабати билан ўтказилаётган 16 кунлик глобал акция доирасида учрашув бўлиб ўтди.
“Хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш учун бирлашайлик” мавзусида ташкил этилган тадбирда Мактабгача ва бошланғич таълим факультети тюторлари ва талаба-қизлар иштирок этишди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги хизмати ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, подполковник Ҳурзада Рейимқулова, Қорақалпоғистон Республикаси Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш маркази бошлиғи Сайёра Насирова, институт ректорининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Сайёра Бекчанова ва бошқалар хотин-қизлар ўртасида учрайдиган зўравонлик турлари, унинг ижтимоий оқибатлари, шунингдек, бундай ҳолатларнинг олдини олиш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсати ва комплекс чора-тадбирлар ҳақида батафсил маълумот беришди.

Мутахассислар томонидан ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, оилавий муносабатларда соғлом муҳитни шакллантириш, низоли вазиятларни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, иштирокчиларга “Ҳимоя ордери”, “Ишонч телефони”, “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” каби тизимлар орқали кўрсатилаётган амалий ёрдамлар, муаммоли вазиятларда мурожаат қилиш тартиби ҳам тушунтирилди.
Тадбир давомида талабалар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг саволларига мутахассислар томонидан батафсил жавоб берилди.
Иштирокчилар эътиборига хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган видеороликлар намойиш этилди.
ЎзА