Буғдой парвариши учун муҳим мавсум бошланди

Бугун Қораўзак туманидаги «Амирбой ота» фермер хўжалигида дала четларидан самарали фойдаланиш ва келгуси йил ҳосили учун кузги буғдой парваришига бағишланган амалий семинар ташкил этилди.
Унда туман ҳокими, соҳа вакиллари ва фермерлар иштирок этди.
Семинарда Президентимизнинг 2024 йил 30 декабрдаги «Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида қишлоқ хўжалигида олиб борилаётган ишлар муҳокама қилиниб, дала четларидан самарали фойдаланиш, экинларни ўз вақтида озиқлантириш ва суғориш бўйича тавсиялар берилди. Шунингдек, зараркунандаларга қарши курашиш, баргдан озиқлантириш ва агротехник тадбирлар келгуси йил ҳосилдорлиги учун муҳим омил экани таъкидланди.
Семинар якунида иштирокчилар «Айтбой ери» МЧЖ ҳудудига бориб, боғ қаторлари орасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Нукус туманидаги «Деҳқон арна» маҳалла фуқаролар йиғинида ҳам шу масалаларга бағишланган амалий-семинар бўлиб ўтди. Тадбирда туман ҳокими, тармоқ раҳбарлари ва фермер хўжаликлари иштирок этди.
Семинарда далага маҳаллий ўғит чиқариш, озиқлантириш ва суғориш ишларини самарали йўлга қўйиш, бўш ерларга тўқсонбости экинларини жойлаштириш, кузги буғдой парвариши, зараркунандаларга қарши курашиш, баргдан озиқлантириш ва агротехник тадбирларни тўғри бажариш бўйича амалий кўрсатмалар берилди. Мутахассислар бу йил қиш мавсумининг илиқ бошланиши буғдой учун сезиларли таъсир қилишини алоҳида таъкидлади.

Семинар давомида боғларда қатор оралари бўш майдонларидан фойдаланиш, тўқсонбости экинларининг турлари ва уларни парваришлаш талаблари амалий мисоллар асосида тушунтирилди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги