ОИТС профилактикасига бағишланган учрашув ўтказилди

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети Нукус филиалида, 1 декабрь – Бутунжаҳон ОИТСга қарши курашиш куни муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан «Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонининг аҳамиятини кенг тушунтириш мақсадида, тегишли соҳа мутахассислари иштирокида талабалар билан учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси ОИТСга қарши курашиш маркази шифокори В.Кличова, Қорақалпоғистон Республикаси наркология диспансери шифокори А.Жалилов ва филиалнинг профилактика инспектори, капитан Р.Исмайловлар талабаларга Президент Фармонининг аҳамияти, гиёҳванд моддаларнинг инсон саломатлигига, жамият ва давлат келажагига салбий таъсири, унинг оғир оқибатлари, бундан ташқари, наркожиноятчиликка қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари ва мажбуриятлари ҳақида батафсил тушунчалар берилди.

Шу билан бирга, ОИТС касаллигининг республикамиз ёшлари орасида йилдан-йилга кўпайиб бораётгани жуда хавотирли ҳолат эканлиги айтиб ўтилиб, ушбу касалликнинг олдини олиш учун ҳар бир инсон шахсий гигиена қоидаларига қатъий эътибор қаратиши зарурлигига тўхталди.
Тадбир давомида талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли соҳа мутахассисларидан жавоблар олди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги