Ижтимоий суғурта ва ишсизликдан ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди

45

Пойтахтимизда ижтимоий ҳимоя ва меҳнат бозорини ривожлантиришга қаратилган энг долзарб масалалар юзасидан минтақавий семинар бўлиб ўтди.

Тадбир Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) “Сифатли иш ўринлари ва меҳнат соҳаси келажаги” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Семинарда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги мутасаддилари, шунингдек, Марказий ва Шарқий Осиё мамлакатларидан келган 50 га яқин эксперт иштирок этди.

Тадбирда таъкидланишича, ижтимоий суғурта тизимларини модернизация қилиш, мажбурий суғурта механизмларини кучайтириш ва аҳолининг ҳаракатчанлиги ортаётган шароитда молиялаштиришнинг янги ёндашувларини жорий этиш — минтақадаги умумий мақсадлардан бири. Шу билан бирга, Жанубий Корея, Таиланд, Малайзия каби давлатларнинг илғор халқаро амалиёти минтақа мамлакатлари учун мослаштириш мумкин бўлган самарали моделлар сифатида тақдим этилди.

— Аввало, ушбу тадбирни ташкил этишда яқиндан ҳамкорлик қилган Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига ўз миннатдорлигимни билдираман, — дейди Осиё тараққиёт банки вакили Омер Бин Зия. —  Ижтимоий суғурта ва ишсизлик суғуртаси тизимларига бағишланган мазкур минтақавий семинарни ўтказиш биз учун муҳим ташаббус. Бугунги йиғилиш Марказий ва Ғарбий Осиё мамлакатлари, шунингдек, таклиф этилган Шарқий Осиё давлатларининг тажрибаларини ўрганиш, ўзаро фикр алмашиш ва самарали амалиётларни муҳокама қилиш учун катта имконият яратади. Ўзбекистон ижтимоий ҳимоя тизимини изчил мустаҳкамлаш йўлида жиддий ислоҳотларни амалга оширмоқда. Ҳозирда ишлаб чиқилаётган “Ижтимоий суғурта тўғрисида”ги қонун тез орада қабул қилиниши кутилмоқда. Банкимиз ушбу қонунни амалиётга жорий этиш жараёнида Ўзбекистон ҳукуматини тўлиқ қўллаб-қувватлашга тайёр.

Шаҳноза Маматуропова, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА мухбири