ҚОРАҚАЛПОҚ ТИЛИ

Рустам Мусурмон,
Қорақалпоғистон халқ шоири
Қадим туркий қорақалпоқ тилисан,
Кенг саҳронинг хушнаво булбулисан,
Ҳақ яратган гулистоннинг энг сулув
Гулисан-эй, гулисан-эй, гулисан.
Бу диёрда халқлар яшайди иноқ,
Жонини ҳам аямас келса қўноқ,
Тангри суйган қорақалпоқнинг оппоқ
Дилисан-эй, дилисан-эй, дилисан.
Само ўтовига белдов бовлаган,
Юлдузларни олтин каби товлаган,
Сувдан балиқ, осмондан қуш овлаган
Қўлисан-эй, қўлисан-эй, қўлисан.
Ҳайдар қўйиб, от чоптирган давроннинг,
Довонлардан ошган доно сорбоннинг,
Кўчиб келаётган катта карвоннинг
Йўлисан-эй, йўлисан-эй, йўлисан.
Сеҳр билан сўзга сарпо кийдирган,
Меҳр билан йигит-қизни суйдирган,
Тош кўнгилни моя каби ийдирган
Тилисан-эй, тилисан-эй, тилисан.
Олтиндан ҳам бебаҳо бу тупроқнинг,
Тўрт тури соз бойлик авлоднинг,
Дедим, Рустам, сен ҳам қорақалпоқнинг
Улусанг-эй, улусанг-эй, улусанг!
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги