Абдулазиз ал-Раисий: БАА ва Ўзбекистонда қоида ва низомлар ҳар хил, бироқ мақсад бир, яхши хизмат кўрсатиш

Президент Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни пойтахтимиздаги Халқаро конгресс марказида бюрократияни бартараф этиш масалаларига бағишланган халқаро форумнинг тантанали очилиш маросимида иштирок этди.
Форумда Ўзбекистон Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликлари ҳукуматлари, хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотларнинг юқори мартабали вакиллари, давлат хизмати соҳасидаги етакчи экспертлар ва жамоатчилик фаоллари қатнашди.
Фурсатдан фойдаланиб, Бирлашган Араб Амирликларининг адлия вазири ўринбосари Абдулазиз ал-Раисий билан суҳбатлашиб, мазкур форумдан кутилаётган натижалар ва Ўзбекистон – БАА ҳамкорлиги тўғрисидаги фикрлари билан қизиқдик:
–Ўзбекистонга илк маротаба ташриф буюришим. Мамлакатингиздаги ислоҳотлар эътиборга молик, бу барча соҳаларни қамраб олади ва айниқса, Бюрократияни бартараф этиш форумининг юқори даражада ташкил этилганидан хурсанд бўлдим, – деди Абдулазиз ал-Раисий. – Кутганимдан ҳам юқори даражада ривожланган, замонавий ва ўзига хос муҳитни кўрдим. Модернизм, инфратузилма ва умумий атмосфера мамлакатнинг қанчалик жадал ўзгараётганидан далолат беради. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон тасаввур қилганимдан ҳам юксак экан. Ҳукумат нуқтаи назаридан олганда ҳам, ўзаро муносабатлар жуда мустаҳкам, бу борада икки мамлакат ўртасида кўплаб ташаббуслар амалга оширилмоқда.
Айниқса, сўнгги йилларда ўзаро ишонч ва амалий ҳамкорлик сезиларли даражада ошди. Бу нафақат расмий муносабатда, балки бизнес, инвестиция, технология ва инсон капиталини ривожлантириш каби йўналишларда ҳам ифодасини топмоқда.
Яна бир муҳим мавзу – авиақатновлар сони. Ҳар икки мамлакат ўртасида ҳафта давомида 50 дан ортиқ рейс амалга оширилади. Бу рейслар оддий қатнов эмас – улар мамлакатларимиз ўртасидаги очиқлик, ишонч ва фаол алоқалар рамзи. Туризм, бизнес мулоқотлар ва инсонлар ҳаракати ана шу алоқаларнинг кундалик ҳаётдаги воқеликка айланганидан далолат беради.
Бюрократия ҳақида гапирадиган бўлсам, биз бир-биримиздан нимани яхшилаш мумкинлиги, халқимиз учун нима кераклигини, хизматларни қай тарзда енгил ва самарали қилиш мумкинлигини ўрганиш имконига эгамиз. Бу икки мамлакат учун ҳам манфаатли.
Бизда қоидалар ва низомлар ҳар хил, бироқ мақсад бир – халқимизга яхши хизмат кўрсатиш. Бу ташаббус БААда икки йил олдин бошланган, шу боис Ўзбекистон билан ўртоқлашишимиз мумкин бўлган муайян тажрибаларга эгамиз, буни бурчимиз деб биламиз.
Ҳар бир давлат ўз ривожланиш моделига эга бўлса-да, халқ манфаати учун ишлаш умумий қадриятдир. Биз БААда йўлга қўйган тизимлар, рақамлаштириш, хизматларни автоматлаштириш ва фуқароларга марказлашган ёндашув борасидаги ютуқларимизни Ўзбекистон билан ўртоқлашишга тайёрмиз.
Ҳар икки мамлакат раҳбарлари халқлари учун янада яхши тизим ва хизматларни йўлга қўйиш йўлида биргаликда ҳаракат қиляпти. Бу ҳамкорлик стратегик шериклик эмас, балки ҳақиқий дўстликнинг намунаси деб ҳисоблайман. Келгусида янада кўпроқ қўшма лойиҳалар, инновацион ёндашувлар ва халқларимиз фаровонлигига хизмат қиладиган янги ташаббуслар амалга оширилишига ишонаман.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА