Ўзбекистон ва Канада: инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик, миграция ва хавфсизлик бўйича тажриба алмашилади

58

Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Канадага расмий ташриф мобайнида самарали учрашувлар ўтказди.

Канада Сенати Спикери Раймонда Ганье билан учрашувда  икки мамлакат парламентлари ўртасида доимий мулоқотни йўлга қўйиш, ҳамкорликни тизимли равишда кенгайтириш ва қўшма ташаббусларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинди.

Сенаторлар С.Атауллахжан ва М.Равалиа билан бўлиб ўтган учрашувда парламент дипломатияси, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглик, миграция ва хавфсизлик масалалари бўйича тажриба алмашиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Канада парламенти Жамоалар палатаси Спикери Ф.Скарпаледжа билан учрашувда қонунчилик соҳасида тажриба алмашиш ва қўшма экспертлар мулоқотини ташкил этиш борасида фикр алмашилди.

Канада парламентида «Ўзбекистон куни» ташкил этилди.  Ўзбекистон делегацияси томонидан иқтисодий ислоҳотлар, инвестицион муҳитдаги ўзгаришлар, аёллар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш сиёсати, яшил энергетика ва инновациялар йўналишидаги янги ташаббуслар ҳақида батафсил маълумот берилди.

Канада парламенти аъзолари Ўзбекистоннинг сўнгги йилларда эришган ютуқларини юқори баҳолаб, икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга тайёр эканини билдирди.

Торонто шаҳрида фаолият олиб бораётган бир қатор ташкилотларда учрашувлар ўтказилди. Онтарио университетлар кенгаши президенти С.Орсини билан бўлиб ўтган музокаралар давомида Ўзбекистон ва Канада олий таълим муассасалари томонидан қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини кенгайтириш, илмий-тадқиқот лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди.

“Vector Institute” раҳбарияти билан учрашувда сунъий интеллект, маълумотлар таҳлили, киберхавфсизлик, IT таълими ва инновацион тадқиқотлар бўйича ҳамкорлик қилиш, ўзбекистонлик ёшларни замонавий технологиялар соҳасига жалб қилиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилди.

Канадада истиқомат қилаётган ватандошлар, ёшлар ва талабалар билан бўлиб ўтган учрашувда уларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Халқаро ҳамкорлик сиёсати, ватандошлар билан ишлаш жараёни ҳақида батафсил маълумот берилди ҳамда улар томонидан билдирилган таклифлар муҳокама қилинди.

Н.Абдураимова,

ЎзА