Рақамли технологияларни ривожлантиришда муҳим қадам

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 22 октябрдаги 189-сонли Фармони асосида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Фарҳод Эрманов, Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов ва Хитой Халқ Республикаси «Shanghai LinkWise» компанияси раиси Ванг Суйху томонидан Қорақалпоғистон Республикасида «Модулли интеллектуал ҳисоблаш марказини қуриш бўйича Ҳаракатлар режаси» имзоланди.
Республикамизда амалга оширилиши режалаштирилган лойиҳанинг умумий қиймати 3,5 миллиард АҚШ доллари бўлиб, у икки босқичда амалга оширилади. Хусусан, лойиҳанинг биринчи босқичида 700 миллион доллар инвестиция киритилиб, қурилиш ишлари 2026 йилда бошланиши кўзда тутилган.
Иккинчи босқич келгуси уч йилга мўлжалланган бўлиб, 2,8 миллиард долларгача қўшимча инвестицияларни ўз ичига олади. Лойиҳанинг иккинчи босқичи якунланганидан сўнг ҳисоблаш мажмуасининг умумий қуввати 300 МВт IT-юкламага етади. Бу эса уни минтақадаги энг йирик мажмуалардан бирига айлантиради. Яна бир муҳим жиҳати, ушбу лойиҳанинг қурилиши, ишга туширилиши ва хизмат кўрсатиш босқичларида қўшимча иш ўринлари яратилади. Унинг амалга оширилиши юқори малакали IT-мутахассислар, муҳандислар, изланувчиларни тайёрлаш ва уларни ишга жалб қилиш, шунингдек, минтақавий таълим инфратузилмасини ривожлантириш учун рағбатлантирувчи омил бўлади. Республикамиз учун ушбу лойиҳа Марказий Осиёнинг рақамли иқтисодий марказини шакллантириш, технологик эркинликни ошириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги қадам сифатида муҳим аҳамиятга эга.

Таъкидлаш жоизки, лойиҳани биргаликда амалга оширадиган «Shanghai LinkWise» компанияси Хитойдаги сунъий интеллект, кенг кўламли маълумотлар ва суперкомпютер тизимлари ечимларига ихтисослашган юқори технологик компания ҳисобланади. Ушбу компания Хитой технологик экотизимининг етакчиларидан бири бўлиб, мамлакатнинг стратегик ташаббусларида, жумладан, Линганг эркин савдо зонасини ривожлантириш ва «Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасидаги лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этиб келмоқда.
Республикамизда амалга ошириладиган ушбу лойиҳа Хитой, Мексика, Малайзия, БАА ва АҚШда амалга оширилаётган «LinkWise» халқаро ташаббусларининг давомидир.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги