Тадбиркор хотин-қизлар учун янги имкониятлар

Нукус шаҳрида хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш, тадбиркорлик ва ҳунармандчиликдаги иштирокига бағишланган «Хотин-қизлар учун беқиёс имкониятлар: Қорақалпоғистон тажрибаси» мавзусидаги республика конференцияси бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси Аманбай Оринбаев ва Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – Оила ва хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулайҳо Маҳкамова иштирок этиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг тадбиркорлик ташаббусларини рағбатлантириш ва яратилган имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Хусусан, сўнгги 3 йилнинг ўзида 1 минг 400 дан зиёд хотин-қизлар доимий уй-жой билан таъминланди. «Аёллар дафтари» дастури доирасида 193 мингдан зиёд хотин-қизларга жами 292 миллиард сўмлик амалий ёрдам кўрсатилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож 450 нафардан ортиқ талаба-қизларга жами 3,5 миллиард сўмлик шартнома пуллари тўлаб берилди.
Тадбир давомида хотин-қизларнинг тадбиркорлик ва ҳунармандчилик маҳсулотлари ярмаркаси ташкил этилиб, уларнинг салоҳияти ва маҳаллий ишлаб чиқариш имкониятлари кенг жамоатчилик эътиборига ҳавола этилди.

Конференция давомида хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик ва ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш, малака ва салоҳиятни ошириш ҳамда янги имкониятлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги