«Обод хонадон», «Обод кўча» ва «Обод маҳалла» танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичи бўлиб ўтди

Унинг очилиш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Ш.Отемисов ва Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи С.Турмановлар иштирок этиб, ўтказилаётган тадбирнинг аҳамиятига тўхталиб, иштирокчиларнинг маҳаллалар ривожидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади.
Ҳудудлар кесимида намунали оилалар, обод қишлоқ ва маҳаллалар фаолияти ўрганилиб, танлов мезонлари бўйича баҳоланди. Тадбирнинг асосий мақсади – жойларда намунали инфратузилма, тоза ва тартибли кўчалар, шунингдек, намунали турмуш тарзини кенг тарғиб қилишдир.
Ушбу танловнинг туман ва шаҳар босқичларида 452 та маҳалла, саккиз мингдан зиёд оила, шунингдек, уч мингдан ортиқ кўча раҳбарлари иштирок этган эди. Ушбу босқичда туман ва шаҳар босқичларида ғолиб бўлган 51 нафар иштирокчи ўзаро беллашди. «Обод хонадон» ва «Обод кўча» йўналишларида иштирокчилар ҳакамлар ҳайъати томонидан холис баҳоланиб, ғолиблар аниқланди.

«Обод хонадон» йўналиши бўйича 1-ўрин Кегейли туманидаги «Гужим терек» маҳалласидан Замира Сагидуллаева, Рустам Қўйлибоев, 2-ўрин Чимбой туманидаги «Бердақ» маҳалласидан Мийўаш Тўраназарова, 3-ўрин Қораўзак туманидаги «Янги Қораўзак» маҳалласидан Оразали Сарсенбоевларга берилди.
«Обод кўча» йўналиши бўйича 1-ўринни Кегейли туманидаги «Маданият» маҳалласидан Марат Даўлетмуратов, 2-ўринни Нукус туманидаги «Ўрнакли макон» маҳалласидан Жумамурат Калилаев, 3-ўринни Элликқалъа туманидаги «Қирққизобод» маҳалласидан Достонбек Адамбоевлар қўлга киритди.
«Обод маҳалла» йўналиши бўйича 1-ўрин Кегейли туманидаги «Маданият» маҳалласи раиси Лизахон Уразбаевага, 2-ўрин Нукус туманидаги «Деҳқон арна» маҳалласи раиси Марат Аминовга, 3-ўрин Қўнғирот туманидаги «Қангли» маҳалласи раиси Зилиха Сейдуллаевага насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар танлов ташкилотчилари томонидан тақдирланди. Тадбир санъат усталари ижросидаги концерт дастури билан давом этди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги