Туманда камбағалликни қисқартириш масалалари муҳокама қилинди

Қораўзак тумани ҳокимлигида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий масалалар қўмитаси ҳамда Халқ депутатлари туман Кенгашининг қўшма мажлиси ўтказилди.
Мажлисда Сенат қўмита раиси Э.Гадоев, қўмита раиси ўринбосари Қ.Турсунов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Б.Сейтназаров, Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари Н.Ерлепесов, вазирликлар, туман идоралари, ташкилотлар раҳбарлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишда Қораўзак туманида бандликни таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш борасида белгиланган вазифалар ижроси бўйича қилинган ишлар атрофлича кўриб чиқилди. Хусусан, туман ҳудудида ишсизлик ва камбағалликни бартараф этиш борасидаги қарор ва давлат дастурларининг ижро ҳолати таҳлил қилиниб, тегишли идораларнинг ҳисоботи, сенатор ва депутатларнинг фикр ва таклифлари эшитилиб, галдаги вазифалар белгилаб олинди.

Йиғилиш якунида меҳмонлар тумандаги Янги Қораўзак шаҳарча фуқаролар йиғини гидропоника усулида ташкил этилган иссиқхона фаолияти билан танишди.
Шундан сўнг гуруҳ аъзолари Маданият овул фуқаролар йиғинида бўлиб, бу ерда маҳалла еттилиги билан учрашиб, ҳудудда қилинаётган ишлар ва имкониятлар бўйича кенг фикр алмашди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги