Сенат: Аҳолини пестицидларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш зарур
Айрим пестицидлар саратон билан боғлангани ҳақида аниқ далиллар мавжуд. Шу сабабли, пестициднинг зарарли таъсиридан ҳимояланиш учун аҳолига зарур тавсияларни етказиш керак.
Жумладан, шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиш, пестицидларни тўғри сақлаш ва утилизация қилиш, мевалар ва сабзавотларни пухта ювиб истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ.

Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасида ўтказилган мажлисда шу ҳақда сўз борди.

Қўмита раиси ўринбосари Орал Атаниязова бошқарган мажлисда пестицидларнинг турлари, қўлланилиши ва миллий меъёрий базаси, пестицидларнинг инсон саломатлигига таъсири, атроф-муҳит ва озиқ-овқат маҳсулотларида мониторинги каби масалалар муҳокама қилинди.

Пестицидларнинг инсон саломатлигига таъсир қилиш йўллари (сув, озиқ-овқат орқали, пестицидларни қўллаш жараёнида, идиш ва контейнерлар орқали ва ҳ.к.), унинг оқибатида келиб чиқаётган касалликлар, уларга қарши курашиш бўйича хорижий тажриба кўриб чиқилди.
Тадбир якунида пестицидларнинг инсон саломатлигига салбий таъсирининг олдини олишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА