Ғолиб полвонлар кутиб олинди

Кўпчиликка маълумки, сўнгги йилларда республикамизда хотин-қизлар кураши кенг оммалашиб, ёшларимиз ўртасида ушбу спорт тури билан шуғулланувчилар сони кўпайиб бормоқда.
Қувонарлиси, бу ёшлар орасидан Ўзбекистон, Осиё ва жаҳон чемпионлари, Олимпия ўйинлари иштирокчилари етишиб чиқмоқда.
Айниқса, бунда 2018 йили 20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионати, 2021 йили Туркияда ўтказилган Ислом бирдамлик ўйинларининг кумуш медаллари соҳиби, 2022 йили 23 ёшгача бўлган Осиё чемпионати ғолиби, катталар ўртасида 2019, 2020, 2023 йиллари ўтказилган Осиё биринчилиги ва Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида бўлиб ўтган Осиё ўйинларининг бронза медали соҳиби, «Ўзбекистон Республикасига хизмат кўрсатган спортчи» Актенге Кеунимжаеванинг тутган ўрни алоҳида.
Яқинда у Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида ўтказилган VI Ислом бирдамлик ўйинларида ҳам халқимизни хурсанд қилиб, чемпион бўлган эди. Ва, унинг издошлари бўлган, Камила Абатбаева, Улбосин Алимбаева, Нафиса Шамуратова, Улбосин Қодирбергенова, Рабия Турдимуратова, Сабоҳат Жоллибоева, Сисагул Сарсенбаева, Шахсанам Тўрениязова, Феруза Кайратдинова ва Феруза Сметовалар «Президент Олимпиадаси»да 1 олтин, 4 кумуш ва 5 бронза медалларини қўлга киритиб, республикамиз шарафини муносиб тарзда ҳимоя қилди.
Бугун Нукус Темир йўл вокзалида халқаро даражадаги спорт устаси Оқтенге Кеунимжаэва ва унинг кичик шогирдлари Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирлиги ва кенг жамоатчилик вакиллари томонидан тантанали тарзда кутиб олинди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Спорт вазирининг ўринбосари Азамат Қалбаев сўзга чиқиб, спортчиларимизни эришган катта ютуқлари билан табриклаб, полвон қизларимизга гул дасталари ва эсдалик совғаларини топширди.




Ўз навбатида спортчилар ва уларнинг мураббийлари ўзларига кўрсатилаётган юксак ҳурмат ва эътибор учун ташкилотчиларга миннатдорчилик билдириб, келгусида ҳам юртимиз байроғини кўкларда ҳилпиратишга ваъда берди.
Адилбай Оразов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчи