Маъмурий судларга мурожаат қилганда давлат божи қандай ҳисобланади?

55

Ҳуқуқий муносабат

Маълумки, маъмурий судларнинг вазифаси маъмурий органлар билан муносабатларда қонун устуворлигини таъминлаш билан бирга фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳисобланади.

Мурожаат қилганда албатта давлат божи тўланади. Бу борада Тошкент давлат юридик университети Юридик клиникаси ходими Имомали Туев қуйидагиларни маълум қилди:

–Ўзбекистон Республикаси “Давлат божи тўғрисида”ги қонуннинг 5-моддасига кўра, давлат божи ундириш объектлари сирасига маъмурий судлар ҳам киритилган.

Яъни, маъмурий судларга қуйидаги аризалар, шикоятлар ва ҳужжатлар бўйича давлат божи ундирилади. Жумладан, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги аризалар, Республика ижро этувчи ҳокимият органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти, нотариуслар, ФҲДЁ органлари ёки уларнинг мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоятлар учун давлат божи ундирилади.

Шунингдек, сайлов комиссиялари қарорлари (ҳаракатлари) юзасидан низолар, давлат рўйхатидан ўтказишдан бош тортиш ёки муддатида рўйхатга олмаслик ҳолатларида, маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари, иш юритишни тугатиш ёки даъвони кўрмасдан қолдириш ҳақидаги ажримлар устидан бериладиган апелляция, кассация ва тафтиш шикоятлари учун ҳамда суд томонидан ҳужжатларнинг дубликатлари ёки кўчирма нусхалари берилганда ҳам бож тўланади.

–Давлат божи миқдори қандай аниқланади?

–Қонуннинг 3-иловасига мувофиқ, давлат божи ставкалари базавий ҳисоблаш миқдори (БҲМ) асосида белгиланади. Бож миқдори ариза тури ва ишнинг тоифасига қараб фарқ қилади.

Хусусан, идоравий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар юзасидан низолашиш тўғрисидаги аризалар бўйича фуқаролардан 5 БҲМ миқдорида, юридик шахслардан 20 БҲМ миқдорида, амалдаги (БҲМ – 421 000) сўм бож тўланади.

Шунингдек, қонуннинг 10-моддасида маъмурий судларда давлат божи тўлашдан озод қилинувчи 26 та ҳолат санаб ўтилган. Яъни, рўйхатда келтирилган ҳолатлар юзасидан ишлар учун давлат божи ундирилмайди.

Гулноза Бобоева,

ЎзА