“SheScience – 2025”: Марказий Осиё олималари илмий ҳамкорликнинг янги босқичини бошлади
Тошкентда илк марта “SheScience – 2025” Марказий Осиё олималари форуми бўлиб ўтди. Унинг асосий натижаси эса қўшма баёнотнинг қабул қилиниши бўлди. Бу Марказий Осиё мамлакатларининг илмий ва инновацион экотизимларини интеграциялаш, илм-фанда олима аёлларнинг иштирокини кенгайтириш ва ҳамкорликда қўшма тадқиқотларни ривожлантириш соҳаларини белгиловчи минтақавий ҳужжатдир.
“SheScience – 2025: минтақавий тараққиётни илмий ва инновацион экотизимлар орқали қўллаб-қувватлаш” форумида Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон ҳамда мамлакатимиздан 60 дан ортиқ олима ва тадқиқотчи аёл иштирок этди.
Қўшма баёнотда келажакдаги ҳамкорликнинг бешта асосий йўналиши ва минтақанинг умумий муаммоларини самарали ҳал қилишга қаратилган барқарор илмий экотизимларни шакллантириш белгиланган. Ҳужжат шунингдек, ҳар йили минтақавий форумни навбатма-навбат ўтказиш учун асос яратади.
Иштирокчилар экологик хавфлар, рақамли трансформация ва сунъий интеллектни жорий этиш билан боғлиқ глобал муаммоларга дуч келганда тизимли ҳамкорлик зарурлигини таъкидлади.
– Бугун биз, Марказий Осиё минтақасини ривожлантириш учун илм-фан салоҳиятидан фойдаланиш жараёнида ишонч, бирдамлик ва умумий истак асосида минтақавий илмий интеграциянинг янги форматини яратмоқдамиз, – деди Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти Шахло Турдиқулова. – Мазкур форум олима аёллар учун нафақат билим алмашиш майдони, балки янги тадқиқот йўналишлари, консорциумлар ва ташаббусларни шакллантирадиган платформага айланмоқда. Бизнинг қўшма баёнотимиз шунчаки декларация эмас, балки биргаликда амалга оширадиган ишларимизнинг амалий йўл харитасидир.
Форум Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан Жаҳон Фанлар академияси (ТWАС), Ривожланаётган мамлакатларда фан соҳасидаги аёллар ташкилоти (ОWСД), Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки билан ҳамкорликда ташкил этилди.
– Марказий Осиё мамлакатларининг изоляция қилинган тадқиқот ташаббусларидан минтақавий ҳамкорликка ўтиш муҳим аҳамият касб этади, -деди қозоғистонлик Академик Зарема Шаукенова. – Илмий ёндашувларнинг бирлиги, қўшма тадқиқотлар ва таълим дастурларини мувофиқлаштириш инсон капиталини ривожлантиришни сезиларли даражада тезлаштириш ва минтақанинг илмий унумдорлигини ошириш имконини беради.
Панел муҳокамалари ва экспертлар тақдимотлари давомида “Марказий Осиё мамлакатларида илмий ва инновацион экотизимларни интеграциялаш”, “Сунъий интеллектни ривожлантириш ва уни тадқиқотларда қўллаш”, “Илмий коммуникация ва фанга жамоатчилик ишончи”, “Энергия самарадорлиги ва қайта тикланадиган энергия”, “Фанни тижоратлаштириш ва академик тадбиркорлик” мавзуларида замонавий фан ва инновацияларнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Олима аёллар минтақавий ҳамкорлик салоҳиятини намойиш этувчи тадқиқотлар, лойиҳалар ва миллий амалиётларни тақдим этди. Шу жумладан, эксперт дастурининг асосий йўналиши Қирғизистон Республикаси Миллий Фанлар академияси вакили Зууракан Каденованинг “Сунъий интеллект келажак илмининг калити сифатида” мавзуидаги тақдимоти ўтказилди. Олима ўз тақдимотида рақамли ечимларни жорий этишни тезлаштирадиган ва Марказий Осиё мамлакатларининг илмий рақобатбардошлигини мустаҳкамлайдиган қўшма маълумотлар платформалари, сунъий интеллект мутахассислари учун ўқув дастурлари ва фанлараро тадқиқот лойиҳаларини яратиш зарурлигини таъкидлади.
Камола ЮСУПОВА, Муҳаммад АМИН (сурат), ЎзА