Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати ўрганилмоқда

76

Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошчилигида ташкил этилган махсус ишчи гуруҳ 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик даражасини ўрганиш учун кенг кўламли текширувлар ўтказди.

Унда энергетика ва коммунал хизматлар ташкилотлари барқарор ишлашга тайёрлангани, қиш мавсумидаги аварияларнинг олди олингани, содир бўлган ҳолларда эса уларнинг оқибатлари зудлик билан бартараф этилиши ва авариявий тиклаш гуруҳларининг ҳаракатланиш самарадорлиги таҳлил қилинди.

Нукус шаҳрида ўтказилган назорат тадбирлари доирасида «Ҳудудгаз Қорақалпоғистон» ГТФ Нукус газ тўлдириш станциясининг фаолияти ва куз-қиш мавсумига тайёргарлиги текширилди. Навбатчи-диспетчерлик хизматлари, авария-тиклаш бригадалари ва захира сақлаш омборларининг ҳолати ҳам алоҳида ўрганилди. Шунингдек, Станциянинг махсус муҳандислик техникаларининг тайёрлик ҳолати текширилди. Станция 100 минг 489 та хонадон ва 121 та умумий ўрта таълим мактабига хизмат кўрсатиб келмоқда.

Ишчи гуруҳ мутасадди идораларнинг техник жиҳатдан барқарорлиги, махсус техника ва зарур материаллар захирасини текширди, тизим ва қурилмалар ҳолатини баҳолади.

– Ўрганишлар жараёнида аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди, – дейди Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи, подполковник А.Давлетов. – Шунингдек, авария-тиклаш ва мурожаатларни бартараф этиш тизими қайта назоратдан ўтказилди, тезкор ҳаракат гуруҳларининг навбатчилиги кучайтирилди. Мутасаддиларга техник жиҳатдан мустаҳкамлаш ва фавқулодда вазиятларга тайёргарликни ошириш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, барқарор энергия таъминоти ва иситиш тизимларининг самарали ишлаши аҳоли ҳаёти ва иқтисодий фаолияти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Шу боис, куз-қиш мавсумида ҳар қандай фавқулодда вазиятларга тезкор ва самарали жавоб бериш, аҳолига хавфсиз хизмат кўрсатиш масалалари доимий назоратда бўлади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги