Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистонга 40 млн долларлик «яшил» кредитни ажратди

69

Хабар берганимиздек, пойтахтимизда Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси томонидан Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк ҳамда Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида “Яшил ва қулай уй-жой” халқаро форуми ўтказилди.

Форум доирасида Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Ўзбекистон Ипотекани қайта молиялаштириш компаниясига (ИҚМК) миллий валютада 40 миллион долларгача миқдорда синтетик кредит ажратишни маъқуллади.

Бу ҳақида Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси матбуот хизмати ЎзАга маълум қилди.

Маьлумот ўрнида айтиш жоиз, Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси 2019 йилда давлат ва маҳаллий банклар иштирокида ташкил этилган, ипотекани қайта молиялаштириш бўйича ягона миллий институт ҳисобланади. У субсидияланган ипотека тақдим этмайди, балки иккиламчи ипотека бозорининг агрегатори сифатида тижорат банкларига узоқ муддатли маблағ ажратиб, аҳолини муқобил ва барқарор ипотека кредитлари билан таъминлашга кўмаклашади.

Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг ушбу кредити Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компаниясига миллий валютада барқарор ва узлуксиз молиялаштириш манбасини яратиб, Ўзбекистонда тижорат жиҳатидан барқарор, стандартлаштирилган ипотека бозорини ривожлантиришга хизмат қилади. Шу билан бирга, хусусий сектор иштирокини кенгайтириш орқали ипотека кредитларининг қамровини оширишга ёрдам беради.

Кредит маблағларининг катта қисми “яшил реновация” дастурига йўналтирилади. Бу дастур орқали уй-жойларни энергия тежамкор ва иқлим ўзгаришларига чидамли ҳолатга келтириш режалаштирилган. Жумладан, иситиш тизимларини янгилаш, дераза ва эшикларни алмаштириш, кондиционерлар ўрнатиш, қуёш панеллари ва бошқа барқарор энергия ускуналарини жорий этишга йўналтирилади.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки кредити Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компаниясига тижорат банкларига миллий валютада узоқ муддатли маблағ тақдим этиш имконини яратади. Бу ипотека қимматли қоғозлари бозори (ИҚБ)га чиқишдан олдинги вақтинчалик маблағ тақчиллигини бартараф этишга хизмат қилади.

Лойиҳа, шунингдек, ипотека портфелларини ягона стандартлар асосида бирлаштириш ва келгусида ипотекага асосланган қимматли қоғозларни шакллантириш орқали Ўзбекистон капитал бозорининг ривожланишига замин яратади.

Шаҳноза Маматуропова, ЎзА