Марказда «маҳр» мавзуси

81

Ҳозирда ижтимоий тармоқларда турли сўровномалар орқали ёшлар, хусусан, қизлар орасида “Маҳрга нима сўрайсиз?”, “Маҳрга нима олиб берса турмушга чиққан бўлардингиз?” каби саволлар бериш тобора кўпаймоқда. Бу саволлар дастлаб қизиқарли кўнгилочар контент сифатида пайдо бўлган бўлса-да, бугунга келиб жиддий баҳс-мунозараларга сабаб бўлаётган ижтимоий ҳодисага айланган.

Мавзунинг кенг муҳокама қилиниши бежиз эмас. Жавоблардаги ҳаддан зиёд истаклар, масалан, “Гелик олиб бериши шарт”, “Toshkent City”дан 4 хонали уй сўрайман” каби талабларга нисбатан жамиятда салбий муносабат кучаймоқда. Кўпчилик буни ёшларнинг реал ҳаётдан узоқ тасаввурлар ёки PR қувишга йўналтирилган ҳаракатлар сифатида баҳоламоқда. Бироқ бундай баҳслар ортида янада чуқурроқ ижтимоий ва маданий омиллар ётади.

Ислом динида маҳр никоҳнинг энг муҳим қисми ва аёлнинг мулки саналади. У эр томонидан берилади ва бу орқали эркакнинг оилабошилик масъулияти рамзий тарзда ифодаланади. Шариатга кўра, маҳрнинг энг кам миқдори – 4,25 грамм олтин, энг кўпида эса чегараланган миқдор йўқ.

Маҳр сўрашдан мақсад унинг қийматини тан олиш, аёлнинг ҳуқуқини кафолатлаш демак. Мақсад бойликни кўрсатиш эмас, балки никоҳнинг масъулият ва баракага асосланганини намоён этиш. Бугун баъзи ёшлар орасида маҳрни “бойлик талаб қилиш воситаси”га айлантириш ғояси кузатилаётгани эса анъанавий ва диний қадриятлар мазмунидан узоқлашаётганини кўрсатади.

Маҳр ҳақидаги саволларнинг кўпчилиги контент яратиш, PR ёки томошабин йиғиш учун берилаётгани сир эмас. Бундай видеоларда кўриш сонининг ошиши учун баъзан атайлаб ҳаддан ташқари талаблар айтилади. Натижада бу сўзлар кўпчилик орасида умумий хулосаларга сабаб бўлади: “Ҳаммаси шунақа сўрар экан”, “Қизлар фақат бойлик истайди” каби. Аммо реал ҳаётда аксарият ёшларнинг талаб ва тасаввури бундан анча бошқача. Улар барқарорлик, ҳурмат, меҳр, ҳамжиҳатлик каби қадриятларни маҳрдан устун қўяди.

Шунга қарамай, трендга эргашиш хавфи ҳам бор. Баъзи қизлар “Гелик сўраган қизлар” мисолидан илҳомланиб, ўзининг ҳақиқий ҳаёти ва келажакдаги оилавий масъулиятини ҳисобга олмай, ўша шов-шувли талабларни такрорлаши мумкин. Бу эса, ўз навбатида муносабатларда нотўғри қарашлар ва бемаъни стандартларнинг шаклланишига олиб келади.

Маҳр мавзусига тўғри ёндашув томонлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳурмат ҳиссини кучайтиради. Тўғри, маҳр сўрашда маълум бир чеклов ёки белгиланган меъёр мавжуд эмас, лекин реалликка мос талаб ноаниқлик ва қарама-қаршиликларни камайтиради.

Маҳр – аёлнинг ҳаққи ва никоҳдаги қадриятлар рамзи. Аммо бу қадрият онгли қарашни, реал ҳаёт билан ҳисоблашувни ва энг муҳими, оилавий масъулиятни ҳам талаб қилади. “Гелик сўрови” трендлари, люкс уйлар атрофидаги талаблар кўпчиликка кулгили ёки ғазаб келтирувчи бўлса-да, аслида бу ёшлар онгида шаклланаётган нотўғри тасаввурларнинг белгиси ҳисобланади.

Демак, маърифат, ҳақиқий ҳаётга мос қарашларни шакллантириш жамиятнинг умумий вазифасидир. Шунда на аёл ҳақидан воз кечган бўлади, на эркак ҳаддан зиёд босим остида қолади ва на жамият ортиқча баҳсларга ботади.

Бугунги кунда ёшлар орасида маҳрга нисбатан истеҳзо ёки ортиқча талаб шаклида эмас, балки онгли, масъулиятли, адолатли ёндашув шаклланиши зарур. Чунки никоҳ фақатгина моддий томондан қарашларни ҳисобга олувчи эмас, балки ҳаётий ҳамкорлик, ҳурмат, меҳр ва масъулиятга асосланган муқаддас қадриятдир.

Дилдора ДЎСМАТОВА,

ЎзА