Биз қандай гриппни ўз бошимиздан ўтказмоқдамиз?

72

Сир эмаски сўнгги вақтларда республикамизда об-ҳавонинг гоҳида совиб, гоҳида исиб кетиши натижасида одамлар орасида грипп, ўткир респиратор вирусли инфекциялар касалликлари авж олиб, у аста-секин кўпайиб бормоқда.

Бу албатта кўпчилик жамоатчилигимизни ўйлантириб, одамларда ҳар хил фикрларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлмоқда. Халқимиз орасида пайдо бўлаётган саволларга жавоб топиш мақсадида, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими ва Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Республика юқумли касалликлар шифохонасида оммавий ахборот воситалари ходимлари учун матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот хизмати бўйича бош мутахассиси Гулзар Жумагулова, Республика юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокорининг ўринбосари Жумагул Бўстоновалар сўзга чиқиб, сўнгги вақтларда болалар орасида кузатилаётган грипп, ўткир респиратор вирусли инфекциялар, касалликлар ҳақида кенг тарзда сўзлаб, уларнинг олдини олиш ва даволаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида тадбир иштирокчиларига маълумотлар берди.

– Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария шифокорининг 2025 йил 26 сентябрдаги 01-19/9288-сонли қарорига мувофиқ, Республикада 2025-2026 йилларда эпидемик мавсумда аҳоли орасида грипп, ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ЎРВИ) ва коронавирус инфекцияси COVID-19 тарқалишининг олдини олиш бўйича санитария-гигиеник, профилактик ва эпидемияга қарши тадбирларни амалга ошириш мақсадида, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2025 йил 29 сентябрь ва 13 ноябрь кунлари 199-сонли ва 240-сонли буйруқлари чиқарилди ва бугунги кунда республикамизда ушбу ҳужжатларнинг ижроси таъминланмоқда, – дейди вазирликнинг Ахборот хизмати бўйича бош мутахассиси Гулзар Жумагулова.

– Шифохонамиз 120 ўринга мўлжалланган бўлиб, унинг 65 ўрни болалар, 55 ўрни катталар учун мўлжалланган, – дейди Республика юқумли касалликлар шифохонаси бош шифокори ўринбосари Жумагул Бўстонова. – Вазирликнинг юқорида айтиб ўтилган буйруғи асосида, аҳоли орасида грипп, ўткир респиратор вирусли инфекциялар билан касалланиш кўпайишини инобатга олиб, шифохонамизда 65 қўшимча ўрин ташкил этилди ва беморларнинг касаллик ҳолатларига қараб улар тиббиёт ходимлари томонидан даволанмоқда. Бугунги кунда одамлар орасида гонконг гриппи деган гаплар тарқалмоқда. Лекин, бизлар буни аниқ шундай деб айта олмаймиз. Сабаби, бизлар беморлардан олган анализларимизни Қорақалпоғистон Республикаси Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармасига текширишга юборамиз ва у ердан анализнинг хулосаси асосида бу қандай касаллик эканлиги аниқланади. Ҳозирча бизларга бундай маълумот келмади ва шунинг учун ҳозирги кунда халқимиз орасида учраётган касалликни гонконг гриппи деб айта олмаймиз. Шунинг учун шифокорларимиз беморларни грипп касаллиги сифатида белгиланган стандарт бўйича даволаяпти. Айниқса, беморларимизда бу касаллик тана ҳароратининг кўтарилиши, қуруқ йўтал, тумов билан бошланиб, кичкина болаларимизда ич кетиши ҳам кузатилмоқда. Биз қуруқ йўтални тўхтатиш учун томоқдаги балғамни туширувчи дорилар берсак, у таъсир этгунча давр ўткир ва чўзилиб кетмоқда. Илгари биз гриппни 5-7 кунда даволаймиз деб айтар эдик. Ҳозирги кундаги гриппларда беморларнинг бронхо безлари шишиб, улар орасида бронхит кўпайиб, унинг изи пневмонияга айланиб бормоқда. Шу сабабли фуқароларимиздан грипп касаллигига бефарқ бўлмасдан, шахсий гигиена қоидалари ва овқатланиш режимига алоҳида эътибор қаратишларини сўраб қоламиз. Шунингдек, одамларимиз ўзларида грипп касаллиги аломатини сезса, ўзларича даволанмасдан, ҳудудий шифокорлар кўригидан ўтиб, улардан маслаҳат олсалар, дейман.

Ўтказилган матбуот анжуманида журналистлар томонидан шифокорларга бугунги кунда кенг жамоатчиликни қизиқтириб келаётган масалалар бўйича саволлар берилиб, уларга жавоблар олинди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчи