Коррупция ҳолатларининг олдини олиш чоралари самарали олиб борилмоқда

Маълумки, мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ислоҳотлар асосида аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга, жамиятда коррупцияга қарши курашишни шакллантиришга йўналтирилган тизимли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонга мувофиқ, банкларда коррупцияга қарши «комплаенс-назорат»га масъул бўлган тузилмаларнинг мустақиллигини таъминлаш мақсадида, уларнинг Банк кенгашига тўғридан-тўғри бўйсуниши белгилаб қўйилди.
Банк ходимларининг Қонунга хилоф хатти-ҳаракатлари юзасидан тақдим этилган маълумотлар ёки шикоятлар ҳар бир банкда тузилган Коррупцияга қарши «Комплаенс-назорат» тузилмалари томонидан ўрганиб борилади.
Ушбу назорат тузилмалари ўз банкларида коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш, уларнинг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, ўз манфаатини юқори қўйишга йўл қўймаслик ҳамда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш чораларини кўришга масъул ҳисобланади.
Содда қилиб айтганда, банкларда коррупция ҳолатларининг олдини олишга ҳамда коррупцияга йўл қўймасликка сабаб бўладиган барча чораларни амалга ошириш «Комплаенс-назорат»нинг фаолияти ҳисобланади.
Сўнгги йилларда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, халқаро экспертлар ҳамда комплаенс-назоратга масъул тузилмалар томонидан халқаро тажрибалар асосида банкларда коррупциянинг олдини олишга қаратилган механизмлар ҳаракат қилиб келмоқда.
Хусусан, ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилиб, бунда, барча банк ходимлари учун мажбурий бўлган қоидалар ишлаб чиқилиб, ривожлантириб борилмоқда. Яъни, ходимларни коррупцияга олиб келадиган ҳар қандай шубҳали хатти-ҳаракатлардан чеклаш қоидалари хулқ-атвордан чеклаш қоидалари ўрнатилди. Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан (18.10.2021 йил 01-07/6859-сон) ISO-37001: 2016 коррупцияга қарши стандарт талаблари асосида ишлаб чиқилган ташкилотда коррупцияга қарши ички назорат тизимини жорий этишга оид тавсия ҳужжатлари асосида Комплаенс-назорат тизими тўғрисидаги қоида, Коррупцияга қарши курашиш сиёсати, ўз манфаатини юқори қўйишни аниқлаш ва бошқариш тўғрисидаги қоида ва бошқа 10 дан ортиқ ички тартиблар ҳамда соҳага тегишли бошқа норматив ҳужжатлар ишлаб чиқилиб, банкларнинг Кузатув кенгашлари томонидан тасдиқланди.
Бунда, ходимларни ишга қабул қилиш, сотиб олинган буюмларни амалга ошириш, контрагентларни ўрганиш ва бошқа жараёнларни тартибга солувчи ҳужжатлар қайта кўриб чиқилди, ходимлар билан тузилган меҳнат шартномаларида коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш бўйича мажбуриятлар ёзиб қўйилди. Шунингдек, Банк ходимлари ўртасида тушунтириш ишлари, уларни ўқитиш ҳамда бу бўйича ахборот алмашинуви йўлга қўйилди. Бугунги кунда, барча тижорат банкларидаги коррупцияга қарши курашишга масъул бўлган ходимлар «Коррупцияга қарши курашишни бошқариш тизимини жорий этиш» халқаро стандарти бўйича ўқитилган.
Банк ходимларининг коррупцияга нисбатан муносабатини шакллантириш мақсадида соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таништириш мақсадида ҳар бир банкда ўқув-семинарлари ташкил этиб келинмоқда.
Маълумки, тижорат банклари фаолиятида коррупциявий жиноятларни келтириб чиқарувчи омилларнинг салмоқли қисми кредит ажратиш жараёни билан боғлиқ.
Дастлаб аҳолига кредитлар ажратишда коррупцияга энг кўп моил бўлган оилага тегишли тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган имтиёзли кредитлар берилиши тўлиқ рақамлаштирилди.
Ҳозирги кунда оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш учун ажратилаётган кредит маблағларининг мақсадли сарфланишига алоҳида эътибор қаратган ҳолда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурларининг ягона электрон платформаси (oilakredit.uz) жорий этилган.
Дастурлар бўйича кредитларни ажратишни тўлиқ рақамлаштириш орқали кредит ажратиш тизимини соддалаштириш, кредит учун талаб этиладиган ҳужжатларни тўлиқ электрон кўринишга келтириш, инсон фаоллигини кескин камайтиришга эришилди.
Бундан ташқари, банкларда кредитлаш жараёнларига скоринг тизими жорий этилган.
Банкларда скоринг тизими орқали Давлат солиқ қўмитаси ва кредит бюросидан олинадиган маълумотлар асосида мижознинг кредитга лаёқатлилиги бир неча дақиқада ўрганилиб, овердрафт кредити ва микроқарзлар ҳамда мобил илова орқали онлайн тарзда кредит ажратиш имконияти йўлга қўйилган.
Ушбу тизим орқали ҳар бир жисмоний шахснинг кредит тарихи зарур аҳамиятга эга бўлиб, агар кредит тарихи қониқарсиз баҳоланса мурожаат этувчига кредит ажратилмайди.
Банк хизматларини кўрсатишда қуйидаги чора-тадбирлар амалга ошириб борилади:
– электрон навбат тизимининг барқарор ишлашини таъминлаш;
– жисмоний шахслар масофадан туриб (онлайн) ҳисоб рақамини очиш ва бошқариш амалиётини жорий этиш, хусусан, ижтимоий тўловларни масофадан бошқаришни йўлга қўйиш;
– барча банкларда жисмоний шахслар томонидан банкка келмасдан (онлайн) банк карталарини очиш амалиётини жорий этиш;
– тижорат банки мижозлари томонидан масофадан туриб (онлайн) кредит олиш ва уларни сўндириш амалиётларини янада такомиллаштириш чораларини кўриш.
Марказий банк Қорақалпоғистон Республикаси Бош бошқармаси ўз кафолатлари доирасида келгуси вақтларда ҳам коррупцияга қарши курашиш ҳамда унинг олдини олиш бўйича барча зарур чораларни кўриб боради.
А.Абдикаримов, Марказий банк Қорақалпоғистон Республикаси
Бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги