Экологик энергия ва стратегик ислоҳотлар – жаҳон эътиборида

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда гидроэнергетика соҳасини жадал ривожлантириш, янги электр станцияларини барпо этиш ва мавжуд инфратузилмани модернизация қилиш бўйича кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Мамлакатимизнинг барқарор ривожланишида муҳим ўрин тутадиган ушбу йўналиш халқаро ҳамжамият эътиборидан ҳам четда қолмади. Айниқса, Европа ахборот майдонида нуфузга эга бўлган «Euronews» телеканали сўнгги пайтларда Ўзбекистондаги гидроэнергетика янгиликларини, муваффақиятли амалга оширилаётган лойиҳалар ва соҳа тараққиётини мунтазам ёритиб келмоқда.
Яқинда мазкур канал томошабинлари мамлакатимизда ишга туширилган йирик гидроэнергетик иншоотлар ҳақида тайёрланган махсус таҳлилий видеолавҳаларни эфирга узатди.
Ўзбекистоннинг янги гидроэнергетика салоҳиятини ёритувчи видеолавҳалар, халқаро аудиторияга тақдим этилмоқда. Материаллар мамлакатимизда барпо этилаётган замонавий, экологик тоза энергия манбалари ҳақида объектив ва тақдирловчи ахборотни етказишга хизмат қилмоқда.
Эътибор марказида бўлган лойиҳалардан бири – яқинда ишга туширилган “Норин” миллий ГЭСидир. Видеолавҳада ушбу станциянинг мамлакат энергетика хавфсизлигини таъминлашдаги ўрни, унинг техник устунликлари ва ишлаб чиқариш қувватлари атрофлича ёритилган.
Шунингдек, лавҳада Марказий Осиёда ягона гидротурбина ва гидротехник ускуналар ишлаб чиқарувчи “Uzhydropower” заводи фаолияти ҳақида ҳам батафсил маълумот берилади. Ушбу корхона Норин ГЭСи учун зарур асбоб-ускуналар тайёрлагани ва маҳаллий саноатнинг салоҳияти ошиб бораётгани алоҳида қайд этилган.
Видеолавҳаларда яқин келажакда ишга туширилиши кутилаётган муҳим энергия манбалари, жумладан, халқаро грант лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган “Чорвоқ” шамол электр станцияси ҳам тилга олинади. Бу лойиҳа мамлакатнинг қайта тикланувчи энергия улушини сезиларли даражада оширишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда гидроэнергетика йўналишида амалга оширилаётган ислоҳотлар таҳлили шундан далолат бермоқдаки, мамлакат барқарор ривожланиш йўлида жиддий қадам ташлаяпти. Янги ГЭСлар, модернизация ишлари ва шамол энергиясига оид лойиҳалар энергетика тизимини мустаҳкамлаш билан бирга, атроф-муҳит муҳофазаси, энергия танқислигини камайтириш ва аҳолига тоза электр энергияси етказиб бериш каби муҳим стратегик мақсадларга хизмат қилмоқда.
Бугунги изчил ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон экологик тоза энергия ишлаб чиқариш бўйича минтақада етакчи мамлакатлардан бири сифатида шаклланиб бормоқда. Шу билан бирга, соҳага оид кенг қамровли ёритувлар мамлакатимизнинг халқаро имижини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Н.Зиёдуллаева тайёрлади,
ЎзА