Хорижда олинган дипломларни тан олиш масаласи қандай ҳал этилади?
Олий таълим соҳасида халқаро интеграция жараёнлари жадал кечаётган бўлса-да, малакаларни тан олишда айрим муаммолар мавжуд. Масалан, бир давлатда олинган диплом ёки малака бошқа мамлакатда тўлиқ тан олинмаслиги мумкин эди.
2025 йил 12 ноябрда кучга кирган “Олий таълимга оид малакаларни тан олиш тўғрисидаги глобал конвенцияни ратификация қилиш ҳақида”ги қонун шу каби муаммоларга барҳам беришга қаратилган.

Қонун билан айнан қандай имкониятлар яратилди? Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Одилжон Маматкаримов шу ҳақда батафсил маълумот берди:
– Маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда дунёда таҳсил олаётган 264 миллион талабанинг 6,9 миллион нафари чет элда, 50 фоиздан ортиғи эса бошқа минтақада таҳсил олмоқда.
Лекин талаба мутахассислик дипломини қўлга киритганидан кейин ўз юртига қайтиб бемалол ишлай оладими, деган савол ҳам бор. Афсуски, бу қийин эди. Бизга келаётган мурожаатларда ҳам хорижда олинган дипломларнинг юртимизда тан олинишига оидлари кўпчиликни ташкил этиб келган.
Албатта, мамлакатимизда кадрлар салоҳиятини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш, уларни халқаро билим маконига интеграция қилиш йўналишида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Олий таълим тизимида хорижий университетлар билан қўшма факультетлар ва филиаллар сони кескин ошди.
Таълим соҳасида хорижий давлатлар ва нуфузли халқаро ташкилотлар билан изчил ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган.
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида давлатимиз раҳбари Ўзбекистоннинг олий таълим соҳасидаги малакаларни тан олишга оид Глобал конвенцияга қўшилишини маълум қилди.
Мазкур қонун билан ратификация қилинган конвенция 2019 йил 25 ноябрда Париж шаҳрида бўлиб ўтган ЮНEСКО Бош конференциясининг 40-сессиясида қабул қилинган.
Глобал конвенция – олий таълим соҳасида билим ва илғор тажриба алмашиш, уларни оммалаштириш ва халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим асос бўлиб хизмат қилади.
Мазкур халқаро ҳужжатга 38 давлат, жумладан, Австралия, Буюк Британия, Норвегия, Франция, Финляндия, Швеция, Корея, Япония, Арманистон ва Молдова каби давлатлар қўшилган.
Глобал конвенция олий таълимга оид малакаларни халқаро миқёсда тан олиш ва глобал академик мобилликни рағбатлантириш, барча манфаатдор томонлар учун ўзаро манфаатли ва ишончли шароитлар яратишда муҳим ҳуқуқий ҳужжатдир.
Малакаларни тан олишнинг адолатли, шаффоф ва ишончли механизмларини шакллантириш, таълим муассасаларининг мустақиллиги ва хилма-хиллигини ҳурмат қилиш, барча учун сифатли таълимга тенг имконият яратиш ва барқарор ривожланишга ҳисса қўшиш, жумладан, қочқинлар ва мажбуран кўчирилган шахслар учун таълим олиш имкониятлари ҳам конвенцияда акс этган.
Конвенцияга аъзо давлатлар ўртасида олий таълим малакаларига оид ҳужжатларни тан олишда маълумотлар алмашиш учун миллий ахборот тизими ва маркази фаолияти йўлга қўйилади.
Глобал конвенция таълим курслари, олдинги таълим ҳужжатлари ва малакасига доир универсал тан олиш тамойилларини белгилайди. Бу эса, ўз навбатида, иштирокчи давлатлар фуқаролари учун ўз мамлакатларидан ташқарида таълим олиш ва ишга жойлашиш учун янги имкониятлар яратади.
Конвенция қоидалари ижросини мониторинг қилиш, таъминлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш иштирокчи давлатлар ҳукуматлараро конференцияси томонидан амалга оширилади.
Иштирокчи давлатларга Конвенцияга аъзо давлатлар олийгоҳларида олинган малакани, келгусида олий таълим олиш, олий таълимни давом эттириш, олий маълумотни тасдиқловчи диплом билан меҳнат бозорида иштирок этиш учун тан олиш бўйича мажбурият юклайди.
Конвенция Ўзбекистон учун амалий аҳамиятга эга. Эндиликда миллий олий таълим ва малакани тан олиш тизими глобал тизим билан интеграция қилинади.
Бу соҳада рақобатни кучайтиради ва ўз-ўзидан таълим сифатини оширишни тақозо қилади. Талабаларнинг академик мобиллиги ва интеллектуал салоҳият экспорти янги босқичга чиқади. Хорижда таълим олган талаба ёшлар учун диплом ва малакаларни тан олиш масалалари енгиллашади.
Миллий университетлар халқаро рейтингларда фаол иштирок этади ва чет эллик талабаларнинг Ўзбекистонда таълим олиш имкониятлари кенгаяди.
Бир сўз билан айтганда, янги қонун Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида кўзда тутилган таълим тизимини модернизация қилиш ва уни жаҳон стандартларига мослаштириш мақсадини амалга оширишга замин яратди.
Норгул Абдураимова,
ЎзА