«2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси эълон қилинди

66

Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси ва Бюджетнома Бюджет кодексининг 29-моддасига мувофиқ ишлаб чиқилган.

Қонун билан:

  • 2026 йил учун Ўзбекистон Республикаси консолидациялашган бюджетининг, шу жумладан, Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг даромадлари ва харажатлари прогнози, шунингдек, 2027–2028 йиллар учун мўлжаллари;
  • асосий макроиқтисодий кўрсаткичларнинг прогнозлари;
  • биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар учун Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 2026 йилда ажратилаётган маблағларнинг чекланган миқдорлари;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромадлари ва харажатлари прогнозлари ҳамда республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга ажратилаётган тартибга солувчи трансфертлар;
  • Давлат қарзининг ва давлат-хусусий шериклик лойиҳаларининг ҳамда консолидациялашган бюджет тақчиллигининг чекланган ҳажмлари белгиланган.

Ўзбекистон Республикасининг «2026 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонуни лойиҳаси 18 та модда ва 10 та иловадан иборат.

Қонун лойиҳасида 2026 йил учун прогнозлар ва 2027–2028 йиллар учун бюджет мўлжаллари асосий макроиқтисодий кўрсаткичлар билан ўзаро мувофиқликда ишлаб чиқилган.

Хусусан, 2026 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 6,6 фоиз ўсиши прогноз қилинган. Ялпи ички маҳсулотнинг кўзланган ўсиш суръатлари саноатда ишлаб чиқаришни 6,4 фоиз, қишлоқ хўжалигида 4,2 фоизга, бозор хизматлари 14,5 фоизга ўсиши ҳисобига таъминланиши прогноз қилинмоқда (Қонун лойиҳасининг 2-иловаси).

Мазкур ривожланиш кўрсаткичларига ҳар бир соҳада бошланган таркибий ислоҳотларни сифатли давом эттириш орқали эришиш мақсад қилинган.

Давлат бюджетининг ўрта муддатга мўлжалланган прогнозлари «Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган мақсадлар билан уйғунликда, яъни уларни бажариш вазифасидан келиб чиқиб ишлаб чиқилган.

Шундан келиб чиқиб, ўрта муддатда макроиқтисодий, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган:

  • ялпи ички маҳсулотнинг йиллик ўсишини камида 6,5–7 фоиз миқдорида таъминлаш;
  • 2026–2028 йилларда консолидациялашган бюджет тақчиллигини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиздан оширмаслик;
  • асосий солиқ ставкаларини ўзгаришсиз сақлаб қолиш, тадбиркорлар учун тенг шароит, қулай бизнес муҳитини яратиш ҳамда қўшимча енгилликлар тақдим этиш, шунингдек, халқ депутатлари Кенгашлари ваколатларини такомиллаштириш;
  • атроф-муҳит ва аҳоли саломатлигини асраш мақсадида яшил солиққа тортиш ва уни амалга ошириш механизмларини ишлаб чиқиш;
  • солиқ ва бюджет сиёсатини босқичма-босқич Жаҳон савдо ташкилотининг талабларига уйғунлаштириш;
  • «Натижага йўналтирилган бюджетлаштириш» амалиётига босқичма-босқич ўтишни давом эттириш;
  • бюджет очиқлиги даражасини янада кучайтириш;
  • «гендер» ва «яшил» бюджетлаштириш тамойилларини бюджет жараёни билан уйғунлаштириш;
  • аҳолининг реал даромадларини ошириш мақсадида бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсия ва нафақаларни ҳар йилги инфляция даражасидан юқори миқдорларда ошириб бориш;
  • 2026–2028 йиллар давомида давлат қарзини самарали бошқариш орқали ялпи ички маҳсулотга нисбати 50 фоиздан ошмаслигини таъминлаш;
  • халқаро экспертлар билан биргаликда натижага асосланган молиялаштириш дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш.

Ушбу мақсад ва йўналишлардан келиб чиқиб, 2026 йил учун Давлат бюджети даромадлари 368,9 трлн сўм, харажатлари эса 402,4 трлн сўм (бюджетлараро трансфертларни инобатга олган ҳолда) миқдорида (Қонун лойиҳасининг 1-иловаси) белгиланмоқда.

Давлат мақсадли жамғармалари даромадлари (бюджетлараро трансфертларни инобатга олмаган ҳолда) 78,2 трлн сўм миқдорида, харажатлари эса (Давлат бюджетига трансфертларни инобатга олмаган ҳолда) 147,5 трлн сўм миқдорида режалаштирилмоқда. Бунда, Давлат мақсадли жамғармаларига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан 73,6 трлн сўм трансфертлар ажратиш белгиланган (Қонун лойиҳасининг 3-иловаси).

Хусусан, бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси даромадлари 64,7 трлн сўм, харажатлари 86,1 трлн сўмни ташкил этган ҳолда Давлат бюджетидан 23 трлн сўм миқдорида трансферт ажратилиши режалаштирилмоқда (Қонун лойиҳасининг 3-иловаси 3-позицияси).

Давлат молиясини бошқаришнинг халқаро стандартларига мувофиқ бюджет қамровини ошириш ҳамда тўлиқлигини таъминлаш мақсадида 2021 йилдан бошлаб ташқи қарз ҳисобидан давлат дастурларига йўналтирилаётган харажатлар консолидациялашган бюджет таркибига киритилди. 2026 йилда ушбу харажатлар 22,4 трлн сўм миқдорида бўлиши прогноз қилинмоқда (Қонун лойиҳасининг 1-иловаси).

Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, 2026 йил умумий фискал балансда бюджет тақчиллигининг (Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси, ташқи қарз ҳисобидан давлат дастурларини амалга ошириш билан боғлиқ харажатлар, давлат дастурларини молиялаштириш учун депозитлар ва ссудалар билан бирга) юқори чегараси ялпи ички маҳсулотга нисбатан 3 фоиз ёки 59,9 трлн сўм миқдорида белгиланмоқда.

Бунда, Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари тақчиллиги 29,3 трлн сўм ёки прогноз қилинаётган ялпи ички маҳсулотга нисбатан 1,5 фоиз миқдорида режалаштирилган (Қонун лойиҳасининг 1-иловаси).

Ҳукумат томонидан солиқ-бюджет интизомини кучайтириш бўйича амалга оширилаётган чоралар натижасида бюджетнинг бирламчи тақчиллиги (Давлат бюджети харажатларидан давлат қарзига хизмат кўрсатиш бўйича фоиз тўловларни чиқариб ташлаган ҳолда ҳисобланадиган Давлат бюджети тақчиллиги) 2026 йилда ялпи ички маҳсулотга нисбатан 0,2 фоизгача, 2027–2028 йилларда эса 0,1 фоизгача пасайиши прогноз қилинмоқда.

Бюджет тақчиллиги давлат қарзларини жалб қилиш, давлат активларини хусусийлаштириш ҳисобидан тушадиган маблағлар ва бошқа манбалар ҳисобидан қопланади.

Республика бюджети даромадлари 4-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинмоқда. Бунда 2026 йилда республика бюджети даромадлари 292,9 трлн сўм миқдорида, шундан, қўшилган қиймат солиғи бўйича тушум 84,6 трлн сўмни ташкил этиши прогноз қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси республика бюджетининг харажатлари Қонун лойиҳасининг 5-иловасида 66 та биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари (вазирлик ва идоралар) кесимида тасдиқланмоқда.

Бунда, Давлат дастурларининг режалаштирилган давлат харажатлари билан уйғунлигини таъминлаш, уларнинг ижроси бўйича жамоатчилик ва Парламент назоратини кучайтириш мақсадида, Қонун лойиҳасида биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари бюджетида Давлат дастурлари учун ажратилаётган маблағлар алоҳида кўрсатилган.

Мисол учун, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги жорий харажатлари қаторида 15 та, Соғлиқни сақлаш вазирлигида 27 та, Қишлоқ хўжалиги вазирлигида 18 та, Сув хўжалиги вазирлигида 8 та давлат дастурлари ва тадбирлар учун ажратилган маблағлар алоҳида сатрларда кўрсатилган.

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларининг даромад ва харажатлари Қонун лойиҳасининг 6-иловасига мувофиқ маълумот учун қабул қилинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг 27-моддасига мувофиқ, маҳаллий бюджетларнинг харажатлари ҳудудий бюджет маблағларини тақсимловчилари кесимида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан мустақил равишда шакллантирилади ҳамда тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тасдиқланади.

Қонун лойиҳасининг 7-иловасига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларига республика бюджетидан 19,7 трлн сўмлик тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар ўтказиб берилиши белгиланмоқда.

Маҳаллий бюджетлар барқарорлигини таъминлаш мақсадида қўшилган қиймат солиғидан тушган тушумларнинг (Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори билан тасдиқланадиган рўйхатга мувофиқ йирик солиқ тўловчилардан ташқари) Тошкент шаҳрида 5 фоизи, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда 20 фоизи қолдирилмоқда.

2026 йилда Ўзбекистон Республикаси (Ўзбекистон Республикаси ҳукумати) номидан ва Ўзбекистон Республикасининг кафолати остида ташқи қарзларни жалб қилиш бўйича йиллик имзоланадиган янги битимларнинг чекланган ҳажми 5,0 млрд АҚШ доллари (2025 йилда 5,5 млрд АҚШ доллари), шундан Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш, шу жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тақчиллигини молиялаштириш учун – 2,5 млрд АҚШ доллари (2025 йилда 3,0 млрд АҚШ доллари), инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун – 2,5 млрд АҚШ доллари миқдорида белгиланмоқда.

Бундан ташқари, давлат қарзи портфелини диверсификация қилиш ҳамда валюта хатарларини камайтириш мақсадида 2026 йил учун Ўзбекистон Республикаси номидан чиқариладиган давлат қимматли қоғозларининг чекланган соф ҳажми 30,0 трлн сўм миқдорида белгиланмоқда.

Шунингдек, Давлат бюджети олдидаги хатарларни камайтириш мақсадида давлат томонидан қабул қилинадиган мажбуриятлар (сотиб олиш ёки тўлаб бериш) ва тасдиқ хатлари берилиши талаб қилинадиган барча давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосидаги имзоланадиган янги лойиҳалар қийматининг юқори чегараси 6,5 млрд АҚШ доллари миқдорида белгиланади.

Қонуннинг 12-моддасида, ўтган йиллардаги каби, маҳаллий бюджетларнинг даромад манбалари белгилаб берилмоқда. Жумладан:

  • жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиғи, мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган йиллик даромад тўғрисидаги декларацияга асосан жисмоний шахслар томонидан тўланадиган даромад солиғи, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, норуда қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ, айланмадан олинадиган солиқ, йирик солиқ тўловчилардан ташқари юридик шахсларнинг мол-мулк ва ер солиғи, шунингдек давлат активларини ижарага беришдан тушумлар туманлар ва шаҳарлар бюджетларига;
  • йирик солиқ тўловчи юридик шахслардан олинадиган мол-мулк ва ер солиқлари, бензинни, дизель ёқилғисини ва газни якуний истеъмолчиларга реализация қилишдаги акциз солиғи ҳамда шу каби бошқа турдаги солиқлар Қорақалпоғистон Республикасининг республика бюджетига, вилоятларнинг вилоят бюджетларига ва Тошкент шаҳрининг шаҳар бюджетига тўлиқ ҳажмда ўтказилмоқда.

Бунда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашлари томонидан тегишли даражадаги маҳаллий бюджетларга ажратиладиган солиқларни ва бошқа турдаги даромадларни ҳамда бюджетлараро трансфертларни тақсимлаш ҳуқуқи сақланиб қолинмоқда.

Қонун лойиҳасининг 13-моддасига кўра, 2026 йилда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети харажатларини амалга оширишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланаётган бўлиб, кейинги йилдан бошлаб олий таълим ташкилотларининг академик лицейлари коллеж ва техникумлар каби маҳаллий бюджетлардан молиялаштиришга ўтказилмоқда.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг мактабгача таълим ташкилотлари, умумтаълим ҳамда ихтисослаштирилган мактаблари объектларини лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва мукаммал таъмирлашга доир харажатларни молиялаштириш республика бюджетидан маҳаллий бюджетларга ўтказилмоқда.

Қонун лойиҳаси ҳамда Бюджетноманинг тўлиқ матни билан қуйидаги ҳаволалар орқали танишишингиз мумкин.

Юқоридагилар билан бирга Давлат бюджети тўғрисидаги маълумотларни аҳоли учун қулай ва тушунарли ҳолда етказиш мақсадида 2026 йил учун Давлат бюджети лойиҳаси асосида ишлаб чиқилган «Фуқаролар учун бюджет» ахборот нашри эълон қилинмоқда.