Амударё туманида меҳнат миграцияси бўйича семинар бўлиб ўтди

Амударё тумани ҳокимлигида меҳнат миграцияси масалаларини ўрганиш, хавфсиз механизмларни янада мустаҳкамлаш ва фуқароларнинг хориждаги ҳуқуқий ҳимоясини кучайтириш мақсадида «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизими» мавзусида кенг қамровли семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миграция агентлиги бошқарма бошлиғи Ш.Ҳакимов, агентликнинг Қорақалпоғистон Республикаси филиали бошлиғи А.Ачилов, тумандаги 49 та маҳалла еттилиги ва тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Семинарда Миграция агентлигининг асосий йўналишлари батафсил тушунтирилди. Хусусан, меҳнат миграцияси жараёнларини самарали бошқариш, хорижда ишлаётган фуқароларни ҳисобга олиш ва уларнинг ҳолатини мониторинг қилиш, хорижнинг нуфузли ташкилотлари билан вақтинчалик меҳнат фаолияти бўйича ҳамкорликни ривожлантириш, Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхоналари билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш, хориждаги ўзбек диаспоралари билан алоқаларни мустаҳкамлаш, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича янги механизмларни жорий этиш каби тамойиллар агентлик фаолиятининг асосини ташкил этиши алоҳида таъкидланди.
Бугунги даврда миграция жараёнларини қонунийлаштириш, ҳар бир фуқаронинг меҳнат фаолиятини хавфсиз ташкил этиш долзарб аҳамиятга эга экани, бу борада давлат томонидан кенг кўламли тизимли ислоҳотлар амалга оширилаётгани таъкидланди.
Семинар давомида Миграция агентлиги томонидан амалга оширилаётган, бандликни қўллаб-қувватлаш бўйича комплекс жараёнлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди. Унга кўра, хорижда иш берувчилар билан шартномалар тузиш, ташқи меҳнат миграциясига чиқмоқчи бўлган фуқароларни аниқлаш ва рўйхатга олиш, уларни касбга ва чет тилларига ўқитиш, иш жараёнида мониторинг олиб бориш, фуқароларга ижтимоий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш каби йўналишлар меҳнат бозори талабларидан келиб чиқиб амалга оширилмоқда.
Бу борада маҳалла еттилигининг фаол иштироки, хонадонларга кириб бораётгани, аҳоли билан юзма-юз мулоқотлар орқали муаммоларни аниқлаш ишлари ҳам янги тизим самарадорлигини оширмоқда.
– 2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида Миграция агентлиги томонидан 156 минг нафар фуқарога ҳуқуқий, моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатилди, – дейди Миграция агентлиги Хорижий ваколатхоналар фаолиятини мувофиқлаштириш ва фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи Шаҳруз Ҳакимов. – Хориждаги иш берувчилар томонидан 1,8 миллион АҚШ доллари миқдоридаги қарздорликлар ундирилди ва фуқароларга етказилди. 352 нафар юртдошимизнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари қайтариб олиниб, 46,8 минг фуқаро ижтимоий ёрдамлар билан таъминланди ва 3,7 минг фуқарога моддий ёрдам берилди. Бу натижалар меҳнат миграциясининг тартибга солинган, қонуний ва энг муҳими, хавфсиз бўлиши йўлида амалга оширилаётган изчил ишларнинг амалий тасдиғидир.
Семинарда таъкидланганидек, меҳнат миграциясини тўғри йўлга қўйиш – бу нафақат давлат идораларининг, балки маҳалла еттилигидан бошлаб, ҳар бир масъул ташкилотнинг биргаликдаги ҳаракатларини талаб қилади.



Амударёда ўтказилган ушбу учрашув ҳам халқ ва давлат ўртасидаги ўзаро мулоқотни янада кучайтиришга, фуқароларнинг хорижда меҳнат қилишини қонуний асосда ташкил этишга хизмат қилади. Семинарда билдирилган фикр ва таклифлар эса меҳнат миграциясининг янада хавфсиз, тартибли ва тизимли бўлишига мустаҳкам замин яратади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги