Памела Коук-Ҳамилтон: Марказий Осиё яқин келажакда глобал савдо йўналишларини белгилашда ҳал қилувчи ўрин тутади

Бугун Тошкентда “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” учинчи иқтисодий форуми ўтказилди. Унда 32 давлат ҳукуматлари, халқаро ташкилотлар ва бизнес доиралар вакиллари иштирок этди.
Форумда Халқаро савдо маркази ижро директори Памела Коук-Ҳамилтон форумнинг аҳамияти, Европа Иттифоқи ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг иқтисодий ривожланишдаги муҳим ўрни ҳақида фикр билдирди:
– Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи учун фаровонлик нима маъно англатиши ва икки минтақа ўртасида чуқур ҳамкорликнинг қайси йўналишларда ривожланиши мумкинлигини муҳокама қилиш муҳим ҳисобланади. Бу масалалар бугунги мураккаб геосиёсий вазиятда ҳам жуда аҳамиятли.
2025 йил бизга жаҳон иқтисодиётининг барқарорлигига ишониш осон эмаслигини кўрсатди. Институтлар ва иқтисодий тизимлар ҳам ўз-ўзидан мустаҳкам турмайди. Гап шундаки, ўзгариш суръати ошди деб фақат шунга қараб баҳолаш керак эмас.
Бугун биз истаган жамият адолатли, инклюзив ва барқарор жамиятдир. Бунинг тўлиқ рўёбга чиқиши Европа ва Марказий Осиё иқтисодиётини ҳаракатга келтирувчи кичик ва ўрта бизнесларни янада қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ. Масалан, мен Ўзбекистондаги қуруқ мева ишлаб чиқарувчиларни алоҳида таъкидламоқчиман. Улар халқаро озиқ-овқат хавфсизлиги сертификатларини олиш учун куну тун меҳнат қилдилар. Бугун эса улар мамлакатнинг қуруқ мева соҳаси нуфузини халқаро бозорда оширмоқда. Ёки бутун минтақа бўйлаб ўз маҳсулотини онлайн сотишни ўрганган ҳунармандларни олайлик. Улар рақамли кўникмаларни эгаллаб, ўз меросини дунёга танитяпти. Айнан шундай инсонлар тарихи Халқаро савдо марказини илҳомлантиради.
Биз йиллар давомида кўплаб шундай бизнеслар билан ишлаганмиз. Уларнинг эҳтиёжлари ва манфаатларини биринчи ўринга қўйиш, айниқса, бугунги геосиёсий ўзгаришлар шароитида янада қўллаб-қувватлаш лозим. Чунки Марказий Осиё яқин келажакда глобал савдо йўналишларини белгилашда ҳал қилувчи ўрин тутади.
Бундан ташқари, минтақа иқлим инқирозига қарши курашда ҳам катта аҳамиятга эга. Чунки бу ерда “яшил” энергетикага ўтиш учун зарур бўлган муҳим хомашё захиралари катта миқдорда мавжуд.
Мен учта муҳим жиҳатни таъкидламоқчиман. Биринчиси, хусусий сектор марказда бўлиши керак. Улар бу жараённинг натижалари билан бевосита ишлайди. Иккинчиси, қоидаларга асосланган, барқарор савдо тизими ҳеч қачон ўз-ўзидан кафолатланмайди. Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) аъзолиги давлатларга катта имкон беради. Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон бу йўлда анча ютуқларга эришди. Ўзбекистон эса аъзолик жараёнининг якуний босқичида турибди, Туркманистон ҳам жиддий илгарилашга эришмоқда. Бизнинг ташкилот бу саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаб келяпти.
Шунингдек, инвестицияларни рағбатлантиришда ЖСТ келишувини амалга ошириш катта аҳамиятга эга. Кўплаб Марказий Осиё давлатлари бу борада бизнинг ёрдамимизга мурожаат қилган. Бу инвестициялар Транскаспий транспорт коридорини ривожлантириш ва муҳим хомашё бўйича қиймат занжирларини шакллантиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этади. ЕИнинг “Global Gateway” ташаббуси инфратузилмани такомиллаштиришда муҳим рол ўйнайди.
Учинчидан рақамли трансформацияни тезлаштириш вақти келди. Биз рақамли даврда яшаяпмиз. Рақамли ечимлар кичик ва ўрта бизнеслар (SMEs) учун катта имкониятлар очади. Лекин бу имконият фақат потенциал, кафолат эмас. Ҳаммаси давлатнинг рақамли тайёргарлигига боғлиқ, яъни инфратузилма, рақамли кўникмалар, кадрлар ва қонунчилик базаси кабилардир.
Мухтасар айтганда, бугунги ташкил этилган мулоқот томонлар учун ана шундай мақсадлари сари интилиш ва ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.