Архив соҳасида “Шажара” ахборот тизими ишга туширилади

56

Пойтахтимизда “Ўзархив” агентлиги томонидан Президентимизнинг 2025 йил 24 ноябрдаги “Архив иши соҳасини рақамлаштириш ва соҳада бошқарув самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони мазмун-моҳиятига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда агентлик ахборот хизмати раҳбари Анваржон Алиев маълумот берди.

Қайд этилганидек, ушбу фармон билан мамлакатимизда архив ишини 2030 йилгача босқичма-босқич рақамлаштириш, замонавий бошқарув тизимини жорий этиш ва фуқароларга кўрсатиладиган хизматлар сифатини тубдан ошириш бўйича аниқ мақсад ва вазифалар белгилаб берилди.

Фармонга кўра, 2030 йилгача қуйидаги стратегик натижаларга эришиш белгилаб қўйилган. Жумладан, Миллий архив фонди ҳужжатларининг 60 фоизини рақамлаштириш, электрон хизматлар улушини 100 фоизга етказиш, хизмат кўрсатиш муддатларини эса камида 3 баробарга қисқартириш ҳамда 2026 йил 1 июндан амалдаги архив ахборот тизимлари асосида Ягона миллий архив ахборот тизимини жорий этиш белгиланган.

Бу орқали архив соҳасида ягона рақамли муҳит яратилади ва барча жараёнлар марказлашган электрон платформа орқали амалга оширилади. Фармонга кўра, давлат архивларида сақланаётган алоҳида қимматли ва ноёб ҳужжатлар ҳаракатини автоматлаштириш мақсадида RFID – радио частотали идентификация технологияси жорий этилади. Бу технология ҳужжатлар ҳаракатини реал вақтда кузатиш, йўқолиш ёки бузилиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда ҳисобдорликни ошириш имконини беради.

2026 йил 1 августдан қатор асосий архив функциялари тўлиқ электрон тарзда амалга оширилади. Жумладан, Миллий архив фонди ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш, йиғма жилдлар рўйхатини тузиш, расмийлаштириш ва тасдиқлаш, архив ҳужжатларини қабул қилиш ва фойдаланишга бериш, корхоналар қайта ташкил этилганда ҳужжатларнинг ҳуқуқий ворисларда сақланишини келишиш, давлат органлари ва ташкилотларининг архив топшириши лозим бўлган ягона рўйхатини шакллантириш амалга оширилади.

Бу жараёнлар рақамлаштирилиши орқали шаффофлик ошади, ортиқча қоғозбозлик бартараф этилади.

Шунингдек, фармонга кўра, 2026 йил 1 сентябрдан “Шажара” ахборот тизими ишга туширилади. У орқали фуқаролар ўз оилавий насл-насаб маълумотларини онлайн тарзда олишлари мумкин бўлади.

Тизим “ФҲДЁнинг ягона электрон архиви”, давлат ва идоравий архивлар маълумотлари асосида шажара тузиб бериш, Суд-экспертиза марказининг ДНК маълумотлари орқали этник келиб чиқишни аниқлаш хизматидан фойдаланишимкониятларини тақдим этади.

Фармон архив хизматидаги ортиқча талабларни бекор қилиш ва хизматларни тезлаштиришни ҳам кўзда тутади. 2026 йил 1 майдан соҳа ходимларини аттестациядан ўтказишда раҳбар тавсия хати, мавзули сўровлар учун талаб этилган ҳужжат нусхасини тақдим этишни талаб қилиш бекор қилинади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур фармон архив соҳасида катта тизимли ўзгаришлар учун ҳуқуқий асос яратиб, соҳани тўлиқ рақамлаштириш, хизматларни соддалаштириш ва замонавий технологияларни жорий этиш орқали уни янги босқичга олиб чиқади.

Гулноза Бобоева,

ЎзА