Ўзбекистонда иш ҳақи ва пенсиялар инфляция даражасидан юқори оширилади

76

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги томонидан эълон қилинган 2026 йил учун Бюджетнома маълумотларига кўра, Ўзбекистонда иш ҳақи, пенсия ва нафақалар миқдори 2030 йилгача ҳар йили инфляция даражасидан юқори суръатларда ошириб борилади. Бу чора аҳолининг реал даромадларини сақлаб қолиш ва ижтимоий ҳимояни кучайтиришга қаратилган.

Пенсия таъминотида янги босқич: трансфертлар босқичма-босқич оширилади. Макроиқтисодий ва фискал сиёсатнинг 2030 йилгача мўлжалланган асосий мақсадларида давлат пенсия тизимини ислоҳ қилиш алоҳида ўрин тутади. Ислоҳотлар натижасида бюджетдан Пенсия жамғармасига ажратиладиган маблағлар ҳажми босқичма-босқич қисқариши кутилмоқда.

2026 йилда Пенсия жамғармасининг молиявий кўрсаткичлари қуйидагича прогноз қилинмоқда. Қолдиқ маблағлари – 3,9 триллион сўм, даромадлари – 64,7 триллион сўм, харажатлари – 86,1 триллион сўмни ташкил этади.

Харажатлар даромадлардан юқори бўлгани учун жамғарманинг тақчиллигини қоплаш мақсадида давлат бюджети томонидан 23 триллион сўмлик трансферт ажратилиши режалаштирилган. Бу ўтган йилга нисбатан 13,8 фоиз кўп.

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги шакллантираётган прогнозларга диққат қилсак, 2027 йилда даромадлар 75 триллион сўм, харажатлар  95,1 триллион сўм, давлат трансферти 20 триллион сўмни ташкил этмоқда.

Келгуси уч йил ичида мамлакатда пенсионерлар сони 489 минг кишига ошиб, 4,76 миллион нафарга етиши кутилмоқда. Шу билан бирга, ҳар йили пенсия ёшига етаётган шахслар сони 5,1 фоизга ўсиб боради.

Бу тенденция пенсия тизимига тушадиган юкни янада оширади ва тизимни барқарор сақлаш учун ижтимоий-иқтисодий чораларни талаб этади.

Вазирлик ҳисоб-китобларига кўра, бюджет ходимлари иш ҳақининг 1 фоизга оширилиши давлат бюджети харажатларини 1,67 триллион сўмга оширади. Пенсияларнинг 1 фоизга оширилиши эса бюджетга 861 миллиард сўмга тушади. Ижтимоий нафақа олувчи оилалар сонининг 10 фоизга кўпайиши деярли 1,6 триллион сўм қўшимча харажатни талаб қилади.

Бюджетномадаги янги кўрсаткичлар Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг жорий йил июль ойида тақдим этган фискал стратегиясида белгиланган рақамлардан анча фарқ қилади. Масалан, аввалги прогнозларга кўра 2028 йилда Пенсия жамғармаси тақчиллигини қоплаш учун 26 триллион сўм трансферт ажратилиши кутилган эди. Янги ҳисоб-китоблар эса эҳтимолий тежамкорлик пенсия ислоҳотлари ҳисобидан таъминланиши мумкинлигини кўрсатмоқда.

Шаҳноза Маматуропова,

ЎзА