Ўзбекистон асосан қайси давлатларга маҳсулот экспорт қилмоқда?

30

Ўзбекистон ташқи савдо тизимида сўнгги йилларда кузатилаётган ўсиш динамикаси жорий йилда ҳам давом этмоқда. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мамлакат экспорти нафақат ҳажм, балки география жиҳатидан ҳам кенгайиб, асосий ҳамкор давлатлар билан савдо алоқалари барқарорлашиб бормоқда. 2025 йилнинг январь–октябрь ойлари бўйича қайд этилган кўрсаткичлар Ўзбекистон маҳсулотларига ташқи бозорлардаги талаб ошганини намоён этди.

Жорий йилнинг январь–октябрь ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 29 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 27,8 фоизга юқори.

Статистик маълумотлар мамлакат ташқи савдосида экспорт улуши барқарор ўсиш тенденциясини намоён этаётганини кўрсатади. Ушбу даврда Ўзбекистон товар ва хизматлари учун асосий бозор сифатида қатор йирик ҳамкорлар иштирок этган.

Экспортда юқори улушга эга бўлган ТОП-10 давлатлар (АҚШ долларида):

Россия — 3,6 миллиард доллар,

Хитой — 1,6 миллиард доллар

Қозоғистон — 1,2 миллиард доллар

Афғонистон — 1,2 миллиард доллар

Туркия — 942,4 миллион доллар

Франция — 774,3 миллион доллар

БАА — 610,8 миллион доллар

Қирғизистон — 491,5 миллион доллар

Тожикистон — 470,9 миллион доллар

Покистон — 319,7 миллион доллар.

Таҳлилларга кўра, Россия Ўзбекистон экспортида энг йирик улушга эга давлат сифатида қолмоқда. Шунингдек, Хитой ва Қозоғистон каби қўшни ва стратегик ҳамкор мамлакатлар ҳам юқори позицияни сақлаб турибди.

Экспорт ҳажмининг ўсиши мамлакат маҳсулотларига талабни кучайтиргани ва ташқи бозорларда рақобатбардошлик янада ошганини кўрсатади.

Ҳамроз Баянов,

ЎзА