Қорақалпоғистон – ишонч ва инвестиция макони
Савдо-саноат палатаси Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари учун пресс-тур ташкил этилиб, журналистлар Нукус шаҳрида жойлашган «NUKUS LAK BO‘YOQLARI» МЧЖга олиб борилди.
Ушбу корхона 2018 йилда «Наманган порлоқ таъмирлаш сервис» МЧЖ директори Ҳожиакбар Ҳабибуллаев томонидан ташкил этилган. «Қурилиш материаллари ва лок-бўёқларини ишлаб чиқариш» лойиҳасини амалга ошириш мақсадида инвестициявий (1,0 млн. доллар эквивалентидан кам бўлмаган) ва ижтимоий (100 та янги иш ўрни) мажбуриятлар белгиланган ҳолда тўғридан-тўғри «ноль» харид қийматида сотиш бўйича олди-сотди шартномаси тузилиб бугунги кунга қадар кўплаб ташкилий ишлар амалга оширилган. Бугунги кунда корхона учун берилган бинода капитал таъмирлаш ва реконструкция ишлари тўлиқ якунланган.
Ҳ.Ҳабибуллаев мамлакатимизда саноат қурилиш соҳасини ривожлантириш йўлида самарали меҳнат қилиб келаётган тажрибали ёшлардан.
Қурилиш маҳсулотларининг рақобатбардошлигини ошириш мақсадида унинг бевосита раҳбарлигида 2019 йилда корхонада «ISO 9001» халқаро сифат стандартлари жорий этилган.
2019 йилда «Ташаббус» танловининг Қорақалпоғистон Республикаси босқичида «Йилнинг энг яхши ёш тадбиркори» номинацияси бўйича 1-ўринни қўлга киритган.
2024 йилда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан «Умид учқуни» кўкрак нишони билан тақдирланди.
– Мен 1994 йилда Наманган шаҳрида туғилганман, 2012 йилда Наманган юридик коллежини тамомлаганман, ЎзЛиДеП аъзосиман. Бу ерга Нукусда яшайдиган танишим чақириб, менга ҳам қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ўргат дегани учун келган эдим. Бошқа вилоятларда ҳам корхоналарим бор, – дейди Ҳ.Ҳабибуллаев.
Корхонамиз томонидан лак, бўёқ, шпатлёвка, плита елими, грунтовка, ПВА елими, суюқ ойна, травертин (лак), эмаль бўёқ каби жами 35 турдаги қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Корхонада 2022 йилда 2,5 млрд. сўмлик, 250, 2023 йилда 2,271 млрд. сўмлик, 227,1, 2024 йилда 3,204 млрд. сўмлик, 320,4 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилди. Корхонамизнинг ушбу «Кўк сарой» қурилиш материаллари ва лак-бўёқлари ишлаб чиқариш бўлимида айни пайтда 60 киши иш билан таъминланган.


Пресс-тур давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Жийемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.
М.Ҳабибуллаев олган суратлар