Такаши Накамото: Ўзбекистон Япония учун ишончли стратегик ҳамкор

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддин Исмоилов Япония Хирошима префектураси ассамблеяси раиси Такаши Накамото бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон — Япония парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Мулоқотда Қонунчилик палатаси Спикери меҳмон томонига янги таҳрирдаги Конституция ва “Ўзбекистон — 2030” стратегияси доирасида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, палатанинг таркибий тузилиши ҳақида маълумот берди.
Ўз навбатида, Т.Накамото самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Япония учун ишончли стратегик ҳамкор эканини таъкидлади. Сўнгги йилларда мамлакатда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни юксак баҳолади.

Унинг фикрича, бугунги кунда янги Ўзбекистон ортга қайтмас демократик ислоҳотлар ва прагматик ташқи сиёсат йўлидан дадил қадам босиб, дунё ҳамжамияти билан очиқ ва жадал мулоқот олиб бормоқда.
Делегация раҳбари шунингдек, 2024 йил Хирошимада Ўзбекистоннинг фахрий консули тайинлангани ўзаро савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорликни янада ривожлантиришга кенг имконият яратганини билдирди.
Суҳбат чоғида икки томонлама муносабатларни янада ривожлантириш ва ҳудудлараро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш муҳимлиги урғуланди.
М.Комилова,
ЎзА