Ўзбекистон – Франция: Ўзаро ҳамкорлик стратегик шериклик даражасига кўтарилган

67

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Франция Республикаси парламенти Сенати ўртасидаги парламентлараро ҳамкорлик бўйича гуруҳларнинг онлайн учрашуви бўлиб ўтди.

Унда икки давлат ўртасидаги парламентлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон – Франция ҳамкорлиги стратегик шериклик даражасига кўтарилгани қайд этилди. Бу юқори даражадаги ташрифлар ҳамда йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилаётгани билан изоҳланади.

Иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ва қатор тармоқларда ўзаро алоқаларни ривожлантириш юзасидан ҳам фикр алмашилди. Маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, маданий мерос объектларини реставрация қилиш бўйича амалга оширилаётган қўшма ташаббуслар ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг аҳамиятига урғу берилди.

Француз тилини ўрганишга қизиқиш тобора ортиб бораётгани, шунингдек, икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасида ҳамкорлик изчил кенгайиб бораётгани таъкидланди.

Туристик алоқаларни жонлантириш, қўшма туризм форумлари ва маданий тадбирларни ўтказиш бўйича таклифлар билдирилди.

Учрашув якунида парламентлараро ҳамкорлик бўйича гуруҳлар фаолиятини тизимли йўлга қўйиш, уларнинг ҳар йили камида бир марта қўшма йиғилишларини ўтказиш ҳамда навбатдаги йиғилишни Ўзбекистон Республикасида ташкил этишга келишиб олинди.

Н.Абдураимова,

ЎзА