Кегейлида янги «Кундузги парвариш» хизмати йўлга қўйилди

71

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ногиронлиги бўлган болаларга ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори асосида, Кегейли тумани Жузимбоғ ОФЙ ҳудудида яна бир «Кундузги парвариш» хизмати ишга туширилди.

Бундаги асосий мақсад имконияти чекланган болаларга ижтимоий муҳит яратиш ва уларнинг ота-оналари ўз бандлигини таъминлашига кўмаклашишдир. Ҳозирги вақтда ушбу гуруҳга бошқарма қошида фаолият юритаётган Психологик-тиббий-педагогик комиссиянинг хулосаси асосида 7 нафар бола қамраб олиниб, 3 нафар фуқаро иш билан таъминланди.

Хизматнинг асосий мақсади – «Камбағалликдан фаровонликка» дастури ижросини таъминлаш, шунингдек, оилаларнинг меҳнат билан шуғулланишига тўсқинлик қилувчи омилларни камайтириш ва болаларнинг оила муҳитида тарбияланишига имконият яратишдир.

Янги очилган ушбу тарбия маскани Кегейли тумани «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази билан ҳамкорликда якка тартибдаги тадбиркор Динара Есеева томонидан ташкил этилди.

Адилбай Оразов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчи