Талабалар бепул экспресс-тестдан ўтказилди

60

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳоли саломатлиги ва миллат генофондини гиёҳвандлик ва наркожиноятлардан самарали ҳимоя қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университети Нукус филиалида «Биз, ёшлар – гиёҳвандлик ва ОИТСга қаршимиз!» мавзусида тарғибот тадбири ташкил этилди.

Тадбир ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва зарарли одатлардан ҳимоя қилишнинг аҳамиятини оширишга қаратилган.

Тадбирда филиал директорининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи ўринбосари Х.Абдижалиев, Қорақалпоғистон Республикаси ОИТСга қарши курашиш маркази шифокор-методисти А.Жанибекова ва шифокор ёрдамчиси Д.Далиевалар сўзга чиқиб, талабалар ўртасида соғлом турмуш тарзи ва профилактика маданиятини шакллантиришнинг аҳамиятини алоҳида таъкидлаб, гиёҳвандликнинг инсон саломатлиги, таълим жараёни ва жамият ҳаётига салбий таъсири ҳақида маълумотлар берилди.

Шунингдек, тадбирда гиёҳвандликнинг оқибатлари, ОИТС инфекциясининг юқиш йўллари, шахсий гигиена ва профилактика чораларининг аҳамияти ҳақида тушунчалар берилди.

Мутахассислар томонидан тест натижаларининг сир сақланиши ва эрта ташхис қўйишнинг аҳамияти ҳам алоҳида таъкидланиб, филиал ўқитувчилари, ходимлари ва талабалари ихтиёрий равишда қон топшириб, улар ОИТСни аниқлаш учун бепул экспресс-тестдан ўтиш имкониятига эга бўлди. Жараён санитария-гигиена талабларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда ташкил этилди ва бу профилактик тадбир сифатида ёшлар ва ходимлар саломатлигини муҳофаза қилишга хизмат қилади.

Тадбирда иштирокчилар мутахассислардан ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

А.Жийемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги