Судьялар дастлаб беш йил, кейинчалик муддатсиз даврга сайланади

46

Давлатимиз раҳбарининг “Судьялар ҳамжамияти органлари фаолиятининг самарадорлиги ва очиқлигини ошириш ҳамда суд мустақиллиги кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Унга кўра, судьяларни навбатдаги 10 йиллик муддатга тайинлаш (сайлаш) тартиби бекор қилинади. Судьялик лавозимларига номзодларни дастлаб 5 йил муддатга, кейинчалик муддатсиз даврга тайинлаш (сайлаш) тартиби белгиланади.

Туманлараро, туман, шаҳар судлари раислари ва уларнинг ўринбосарлари лавозимларига номзодларни аниқ мезонларга кўра судьялар орасида очиқ танлов асосида танлаш тартиби ўрнатилади.

Судьянинг касбий фаолиятини баҳолашда “ҳалоллик”, “касбий лаёқатлилик” ва “судьялик одоби қоидаларига риоя этиш” талабларининг аниқ мезонлари қонун даражасида белгиланади.

Судьялар олий кенгашининг доимий асосда фаолият юритувчи судьялари лавозимига номзодлар тегишли суд судьялари малака ҳайъатлари томонидан тавсия этилади.

Кенгашнинг доимий асосда фаолият юритувчи судьялари лавозимига, қоида тариқасида, судья сифатида камида 7 йил ишлаган судьялар номзоди кўрсатилиши мумкин.

Фармонга кўра, Судьялар ҳамжамияти органларининг мустақиллигини ошириш мақсадида Кенгаш ва Судьялар олий малака ҳайъатининг қўшма йиғилишини ўтказиш тартиби бекор қилинади.

Кенгаш раисига, унинг конституциявий мақомидан келиб чиқиб, судьяларга нисбатан малака ҳайъатлари томонидан интизомий иш асоссиз тугатилган ёки интизомий жазо содир этилган қилмишга мос эмас деб топилганда, малака ҳайъатларининг қарорларини қайта кўриб чиқиш бўйича тақдимнома киритиш, кенгашнинг тузилмаси ва штат жадвалини белгиланган штат бирликлари доирасида мустақил тасдиқлаш ваколатлари берилади.

2025 йил 15 декабргача Кенгашнинг расмий веб-сайтида суд тизимида мавжуд бўш раҳбарлик ва юқори турувчи судьялик лавозимларига оид маълумотлар ҳамда уларни эгаллаш учун танловда иштирок этиш тартиби, суд тизимида судьялик лавозимлари, шу жумладан, раҳбарлик ва юқори турувчи судьялик лавозимларига номзодларни танлаш ҳамда тайинлаш бўйича барча босқичларга оид маълумотлар очиқ эълон қилиб борилади.

Н.Абдураимова, ЎзА