Автоҳалокат натижасида етказилган зарар ундирилди

61

Фуқаро П.М «Chevrolet Tacuma» русумли автотранспорт воситасини бошқариб, Нукус шаҳри ҳудудидаги Беруний кўчасида тезликни меъёрдан оширгани натижасида «NEXIA-3» русумли автомашина билан тўқнашиб кетади.

Содир бўлган автоҳалокат натижасида ушбу автомашинага 23,2 миллион сўм моддий зарар етказилган. Ушбу зарарни ундириш тўғрисида жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар суди томонидан 2025 йилнинг 29 сентябрида ҳал қилувчи қарор қабул қилинган.

Суд қарорига асосан Мажбурий ижро бюроси Шуманай тумани бўлимининг давлат ижрочилари томонидан ижро ҳаракатига киришилган.

Хусусан, қарздорга 15 кунлик муддат ичида суд қарори ижроси таъминланиши лозимлиги, акс ҳолда қарздорликка қўшимча ижро йиғими қўлланилиши, шунингдек, маъмурий жаримага тортилиши мумкинлиги ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилган. Натижада жабрланувчи бюронинг Шуманай тумани бўлимига жорий йилнинг 10 ноябрь куни келиб, етказилган 23,2 миллион сўмдан ортиқ моддий зарар тўлиқ қопланганини билдирган.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги