Ўзбек-Туркман ришталари янада мустаҳкамланади

61

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг йиғилишида бир қатор масалалар муҳокама қилинди. Жумладан, депутатлар Туркманистон Президенти С.Бердимуҳамедовнинг мамлакатимизга амалга оширган расмий ташрифи Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик ришталарини янада мустаҳкамлашини қайд этди.

“Шовот–Тошҳовуз” қўшма чегараолди савдо зонаси икки халқ ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни янги босқичга олиб чиқиши, савдо майдони икки томон маҳсулотлари учун янги бозорлар очаётгани эътироф этилди.

Таъкидланганидек, Савдо зонаси инфратузилмасининг замонавий тарзда ташкил этилгани, божхона, ветеринария, фитосанитария ва банк хизматларининг бир жойда жамланиши тадбиркорлар учун кенг имконият яратади. Бу эса товар айланмасини тезлаштириб, тадбиркорлик фаолиятини енгиллаштириш, шаффофлик ва қулайликни таъминлашга хизмат қилади.

Янги постнинг техник жиҳатдан тўлиқ жиҳозлангани божхона назорати самарадорлигини янада ошириши шубҳасиз.

Йиғилишда мазкур лойиҳа нафақат икки қўшни мамлакат, балки қўшма ҳамкорликдан манфаатдор бўлган хорижлик инвесторлар учун ҳам муҳим савдо нуқтасига айланишига ишонч билдирилди.

Қайд этилганидек, мазкур масканнинг очилиши минтақада янги иқтисодий манзиллар, қўшма лойиҳалар ва инвестиция оқимларининг кенгайишига замин яратади. Энг муҳими, халқларимиз ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳурмат ва биродарлик руҳини янада кучайтирди.

М.Комилова, ЎзА